Президент Мирзиёев «Тошкент-Шарқий» аэропорти қурилишини жадаллаштиришни буюрди

20:15 | 2 дақиқада ўқилади.

Янги терминаллар, илғор ускуналар ва энг оғир самолётларни қабул қилиш қуввати — давлат раҳбари пойтахтдаги аэропорт лойиҳаси бўйича тезкор ишлар олиб боришни топширди.

Poyezd

Президент Шавкат Мирзиёев 18 июн куни «Тошкент-Шарқий» аэропорти қурилишини кўздан кечириб, қурилиш жараёнларини жадаллаштириш бўйича кўрсатмалар берди. Бу ҳақда давлат раҳбарининг матбуот хизмати хабар қилди.

Хабарга кўра, 4 километрлик учиш-қўниш йўлаги тўлиқ янгиланган бўлиб, у энг оғир тоифадаги самолётларни ҳам қабул қилиш салоҳиятига эга.

Таъкидланишича, айни вақтда юқори мартабали меҳмонлар ва бизнес-авиация учун 2 та терминал, перрон ҳамда ангарлар барпо этилмоқда. Лойиҳа ICAO III-А тоифасидаги замонавий радиотехника ва метеорологик ускуналар билан жиҳозланади, бу эса аэропортнинг ноқулай об-ҳаво шароитида ҳам ишлашига имконият беради.

Янги аэропорт жойлашуви жиҳатидан ҳам қулай ҳисобланиб, у Тошкент ва Янги Тошкент шаҳарлари учун муҳим транспорт хабига айланиши кутилмоқда.

Президент аэропорт терминаллари архитектураси ва техник ечимлари билан яқиндан танишиб, сервис даражасини ошириш ҳамда қурилиш суръатини кучайтириш бўйича топшириқлар берган.