Эрдўған нутқида Исроилнинг минтақадаги давлатларга нисбатан агрессияси, хусусан, Ғазо, Сурия, Ливан, Яман ва Эронга қарши уюштирилаётган зўравонлик ҳаракатларига эътибор қаратди. У Туркия бу тоқатсизлик ва инсониятга зид тажовузларни тўхтатиш учун ҳар томонлама ҳаракат қилаётганини таъкидлади.
Туркия етакчисининг таъкидлашича, Исроил Бош вазири Бинямин Нетаняҳу амалга ошираётган ҳаракатлар шафқатсизликда ҳатто Адолф Ҳитлердан ҳам ошиб тушган. У буни «геноцид», деб баҳолади.
Эрдўған, шунингдек, Анқара минтақада юзага келаётган можаролар ва эҳтимолий хавфли сценарийлар учун тайёргарлик кўраётганини маълум қилди. Туркия раҳбари мамлакатнинг хавфсизлиги ва тинчлиги учун зарур чоралар кўрилаётганини билдирди.
Президент халқаро ташкилотларнинг Исроил агрессиясига қарши таъсир ўтказа олмаётганини танқид қилди. «БМТ, халқаро институтлар ва давлатлар бутун инсоният кўз ўнгида амалга оширилаётган тажовузга нисбатан сукут сақламоқда. Айримлари эса ушбу бандитликни қўллаб-қувватлаяпти», — деди у.
Эрдўған ўз сўзларини шундай якунлади: «Минтақамиздаги барча давлатлар, жумладан қўшни Эрон ҳам, бу воқеалардан зарур хулосалар чиқариши шарт. Исроил агрессиясини тўхтатиш — нафақат минтақавий барқарорлик, балки бутун инсоният тинчлиги учун муҳим».