АҚШ ҳам Эрон билан урушга тайёрланмоқда: Теҳрон нима билан жавоб бера олади?

08:00 | 7 дақиқада ўқилади.

Исроил ва Эрон ўртасидаги можарога АҚШ ҳам аралашиши кутилмоқда. Оқ уй раҳбари Доналд Трамп яқин 48 соат ичида тегишли қарор қабул қилиши мумкин. Агар Эрон АҚШ билан урушга киришса, Теҳронни нима кутмоқда?

Usa trump

Теҳрон Вашингтон томонидан мумкин бўлган ҳужумга тайёргарлик кўра бошлади. TRT нашрининг америкалик расмийларга таянган ҳолда тарқатган хабарларига кўра, Эрон аллақачон АҚШ базаларига зарба бериш учун ракета ва бошқа қуролларни тайёрлаб қўйган.

Яқин Шарқда жойлашган бу давлатнинг хавотирга тушиши учун асослар бор — АҚШ президенти Доналд Трамп кеча Эроннинг ядровий қуролга эга бўлишига йўл қўймаслиги ҳақида баёнот берди ва мамлакат ҳукуматидан «шартсиз таслим бўлиш»ни талаб қилди.

Трамп ракета зарбалари америкалик аскарлар ёки тинч аҳолига қаратилмаслигини хоҳлашини айтди, бироқ «сабри тугаш арафасида» эканини урғулади. Шунингдек, у: «Олий раҳбар» қаерда яширинганини аниқ биламиз. У осон нишон, лекин ҳозирча хавфсиз жойда — биз уни ўлдиришни режалаштираётганимиз йўқ. Ҳеч бўлмаганда, ҳозирча», деб қўшимча қилди.

Эрон АҚШ ҳужумига қандай жавоб бера олади? Бу ҳақда TRT нашрига Telegram’даги «Шарқ дарвозалари» каналининг муаллифи Андрей Онтиков фикр билдирди.

— АҚШ Эронга қарши урушга аралашиши мумкинми? Агар шундай қарор қабул қилинса, Теҳронни нима кутмоқда?

— Улар урушга кирадими-йўқми — бу, аслида, қаҳва қуйқасига қараб фол очишга ўхшайди. Аммо агар қарор ижобий бўлса, энг асосий савол — уларнинг бу можарадаги иштироки қай даражада кенг кўламли бўлади?

Фақат Эроннинг ядро дастурига оид объектларини йўқ қилиш билан чекланишадими ёки Теҳрондаги ҳукуматни ўзгартиришга ҳам ҳаракат қилишадими — айнан шу жиҳат барча нарсани белгилаб беради.

Аммо ҳар қандай ҳолатда ҳам аниқки: эронликлар америкаликларга жиддий қаршилик кўрсата олмайди.

— Теҳроннинг қуроллар ҳозирлаши бефойдами?

— Улар АҚШнинг Яқин Шарқдаги ҳарбийлари — Ироқ ва Суриядаги контингентларига зарба беришга уринши мумкин. Лекин ҳатто бу зарбалар оғриқли бўлса ҳам, умумий манзарани ўзгартиролмайди, уруш натижасига таъсир қилмайди.

Эрон нима қилиши мумкин — Ҳўрмуз бўғозини ёпиб қўя олади. Аммо, менимча, бу ҳам вақтинча чора бўлади.

Тасаввур қилайлик, улар бўғозни ёпишди — бу ҳолат ҳақиқатан ҳам Форс кўрфазидаги нефтга бой монархияларга катта зарар етказади. Нефт нархи эҳтимол, осмонга чиқиб кетади.

Аммо шуни ҳисобга олиш керакки, бўғозни миналаш, кемаларни чўктириш, ўтиш йўлларини тўсиш — буларнинг барчаси вақтинча чоралар, холос. Буларга қарши чоралар ҳам мавжуд. Миналашга — миналарни тозалаш, чўктирилиши мумкин бўлган кемаларга — тор коридорлар яратиш. Яъни, аслида, бундай ҳаракатларга техник ечимлар бор: кемаларни бошқа йўналишга буриш, нефт ва суюлтирилган газ ташувчи танкерлар учун янги маршрутлар белгилаш.

Ҳар қандай ҳолда ҳам, бу таъсир узоқ давом этмайди. Шу боис, албатта, бундай сценарийда Эрон тақдири қийин кечиши турган гап. Лекин яна такрорлайман: ҳаммаси АҚШ қанчалик катта кўламда аралашишига боғлиқ.

— Агар АҚШ урушга кирмаса, воқеалар қандай ривожланиши мумкин?

— Агар бунинг барчаси фақат шунчаки дўқ пўписа бўлса, можаро узоққа чўзилиши мумкин: чарчатувчи урушлар, ўзаро зарбалар алмашинуви ва ҳолдан тойдирувчи ҳарбий ҳаракатларга айланади.

Мана шундай вазиятда муаммолар эронликларда эмас, балки Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳуда пайдо бўла бошлайди.

Чунки узоқ давом этадиган курашда эронликлар, аслида, босимга чидамли экани маълум. Агар уруш ойлаб давом этса, шунда Нетаняҳунинг ўзига нисбатан танқидлар пайдо бўлади. Ахир, у урушни бошлади, лекин қўйилган мақсадга етишиши қийин бўлади.