G7 саммити Украина бўйича баёнотсиз якунланди — Зеленский ва Трамп учрашувни эрта тарк этди

09:00 | 4 дақиқада ўқилади.

Канадада бўлиб ўтган G7 саммитида Украинага қўшимча ёрдам беришга ваъда берилди, бироқ уруш масаласида умумий баёнот қабул қилинмади. Бунга АҚШнинг қатъий баёнотлардан қочиш позицияси сабаб бўлгани айтилмоқда.

Zelensky g7

 

Президент Володимир Зеленский ва АҚШ раҳбари Доналд Трамп саммитни расман якунланишидан аввал тарк этди. Канаданинг янги бош вазири Марк Карни келишмовчиликлар мавжудлигини рад этди, бироқ баъзи давлатлар унинг қисқа баёнотидан кўра кенгроқ позицияни ифода этмоқчи бўлганини тан олди.

Трампнинг кетишига Исроил ва Эрон ўртасидаги кескинлашув сабаб бўлди — у Вашингтонга қайтиши туфайли Зеленский у билан учрашиш имконини қўлдан бой берди. Бу Киев учун кутилмаган вазият бўлди — икки давлат раҳбарлари учрашувидан умид катта эди.

Зеленский саммитдан олдин G7 етакчиларини ҳар йили Украинага 40 млрд доллар миқдорида молиявий ёрдам ажратишга чақирган эди. У шунингдек, Россия нефтига чекловларни кучайтириш ва урушни тўхтатишда Трамп таъсиридан фойдаланиш таклиф қилинганди.

Унинг сўзларига кўра, G7 саммитида аслида муҳим қарорлар қабул қилинди: ҳарбий ёрдамни ошириш, музлатилган активлар ҳисобидан ёрдам ажратиш ва Россияга қарши янги санкциялар. Канада ва Буюк Британия Россиянинг «хуфиёна флоти»га қарши қатъий чоралар жорий этишгани маълум қилинди.

Бироқ G7 баёнотида Россияни қатъий танқид қилиш бўйича аввалги йиллардагига қараганда юмшоқроқ ифода қўлланилган. Канадалик расмийларга кўра, АҚШ ушбу баёнотнинг қатъий бўлишини хоҳламаган — бу Москва билан олиб борилаётган музокараларга тўсқинлик қилиши мумкинлиги айтилган.

Шу билан бирга, саммитда Доналд Трампга қарата Россияни тинчлик музокараларига жалб этишга чақирув ифода қилинди, бироқ у ҳозирча Москвага нисбатан янги санкциялар киритиш ниятида эмас.

Карни эса G7 саммитини сунъий интеллект, квант технологиялари, ноқонуний миграция ва стратегик ресурслар бўйича келишувлар билан якунлади. Трамп билан учрашув бўлиб ўтган бўлса-да, Канада ва АҚШ ўртасидаги савдо низолари борасида жиддий силжиш кузатилмади.