Жорий йилги натижалар Париждаги Халқаро авиакосмик салон доирасида эълон қилинди. Таҳлилда 22,3 миллионга яқин йўловчи қатнашиб, 325 та авиакомпанияни хизмат сифати, хавфсизлик ва қулайлик каби кўрсаткичлар асосида баҳолаган. Кучли ўнталикдаги биринчи учликни Qatar Airways, Singapore Airlines ва Emirates ташкил этди.
Qatar Airways лўндалиги, замонавий авиапарки ва юқори хизмат маданияти билан ажралиб турди. Унинг изидан Singapore Airlines — самимий экипажи ва юқори даражадаги қулайликлари билан, ҳамда Emirates — технологик жиҳатдан илғор самолётлари ва кўнгилочар тизимлари билан эътироф этилди.
Тўрт ва бешинчи ўринларни Япония ва Ҳонгконг авиакомпаниялари — ANA ва Cathay Pacific эгаллади. Европа ва Осиёни боғловчи йўналишлари билан маълум Turkish Airlines олтинчи ўринни эгаллади. Air France, Japan Airlines, Korean Air ва Хитойнинг Hainan Airlines компаниялари ҳам кучли ўнталикка кирди.
Шунингдек, алоҳида номинациялар бўйича ҳам ғолиблар аниқланди. “Энг яхши экипаж” деб Singapore Airlines тан олинди. Turkish Airlines — Европанинг энг яхши авиакомпанияси, Тайваннинг EVA Air авиакомпанияси эса “Энг озода авиакомпания” унвонини олди.
Афсуски, бу йилги рейтингда Ўзбекистон авиакомпаниялари 100 талик рўйхатдан ўрин ололмади. Аммо Қозоғистондан Air Astana 36-ўринни, бюджет сегментидаги FlyArystan эса 87-ўринни эгаллади.
Skytrax рейтинги авиация соҳасида энг нуфузли халқаро баҳолаш тизимларидан бири ҳисобланади. У йўловчилар учун хизмат сифатини яхшилашда авиакомпаниялар ўртасида кучли рақобатни таъминлайди.