Павел Дуровнинг васияти бўйича фарзандлари меросга 30 йилдан кейин эга бўлади

12:40 | 3 дақиқада ўқилади.

Telegram асосчиси Павел Дуров сўнгги суҳбатлардан бирида ўз фарзандлари ва платформанинг келажагини ҳимоя қилиш мақсадида расмий васиятнома тузганини маълум қилди. Унинг айтишича, бу қарорни хавфсизлик таҳдидлари ва шахсий тамойиллар асосида қабул қилган.

Durov

Дуров француз нашри Le Point билан суҳбатда, «эркинликни ҳимоя қилиш» уни кўплаб давлатларда душманга айлантирганини ва шу боис фарзандлари ҳамда Telegram платформасини ҳимоя қилиш зарурлигини айтди. Унинг сўзларига кўра, ўзи билан қандайдир фожеа юз берган тақдирда, мессенжерни бошқариш масъулияти нодавлат фондга ўтади.

У, шунингдек, платформанинг мустақиллиги, шахсий маълумотлар махфийлиги ва сўз эркинлигини ҳимоя қилишга содиқ бўлиб қолишини таъминлашни хоҳлаётганини таъкидлади.

Дуров васиятномани яқинда расмийлаштирганини маълум қилиб, фарзандлари ундаги мол-мулкка 30 йил ўтгандан сўнггина эга бўлишини белгилаган. Бизнесмен бу билан фарзандлари «оддий одамлардек» тарбияланишини, ўз ҳаётларини мустақил қуришларини ва бойликка қарам бўлмаслигини хоҳлаётганини билдирган.

Унинг таъкидлашича, у фарзандларини ажратмайди: «табиий йўл билан» туғилган ва донорлик натижасида дунёга келган болалар бир хил ҳуқуқларга эга бўлади. «Мен улар менинг ўлимимдан сўнг бойлик учун бир-бири билан урушишини истамайман», — деган Дуров.

Маълум қилинишича, унда 3 шерикдан туғилган 6 нафар расмий фарзанд ва донорлик орқали дунёга келган яна 100 дан ортиқ фарзанд бор. Улар 12 мамлакатда яшайди.