Афғонистонда «Made in Uzbekistan» миллий стенди намойиш этилди

13:20 | 2 дақиқада ўқилади.

18–20 июн кунлари Афғонистоннинг Мазори-Шариф шаҳрида бўлиб ўтаётган иккинчи миллий ва халқаро кўргазма доирасида ўзбекистонлик тадбиркорлар ўз маҳсулотларини тақдим этмоқда. Кўргазма Мавлоно Жалолиддин Муҳаммад Балхий номидаги майдонда ташкил этилди.

Made in uzbekistan

Тадбирда Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раҳбарлигидаги йирик делегация иштирок этмоқда. Унга тўқимачилик, енгил саноат, қурилиш материаллари, озиқ-овқат маҳсулотлари, электротехника, агросаноат ва фармацевтика соҳаларида фаолият юритувчи 120 дан ортиқ тадбиркор кирган.

Кўргазма доирасида ташкил этилган «Made in Uzbekistan» миллий стенди ўзбек компанияларининг замонавий ишланмалари, технологик ечимлари ва маҳсулотларини намойиш қилиш учун платформа вазифасини ўтамоқда. Экспозиция маҳаллий ишбилармон доиралар ва расмийлар томонидан катта қизиқиш билан қарши олинди.

Тантанали очилиш маросимида афғон расмийлари Ўзбекистон билан иқтисодий ҳамкорликнинг аҳамиятини таъкидлади. Балх вилояти Савдо ва инвестициялар палатаси раҳбари Асадулло Асадий сўнгги ярим йилда амалга оширилган қатор қўшма лойиҳаларни алоҳида қайд этиб, Ўзбекистон томонига миннатдорлик изҳор этди.

Кўргазма доирасида ташкил этилган B2B учрашувлар майдончасида икки мамлакат тадбиркорлари ўртасида тўғридан-тўғри музокаралар ўтказилмоқда, ҳамкорликни чуқурлаштириш, ўзаро манфаатли шартномалар ва келишувлар имзоланмоқда.