Ўзбекистон ва Беларус ўзаро савдони ҳажмини 1 млрд долларга олиб чиқмоқчи

19.06.2025 14:10 | 3 дақиқада ўқилади.

Минск шаҳрида бўлиб ўтган ҳукуматлараро комиссия йиғилишида Ўзбекистон ва Беларус икки томонлама савдо-иқтисодий ҳамкорликни фаоллаштириш ва товар айирбошлаш ҳажмини йилига 1 млрд долларгача кўтаришга келишиб олди. Бу ҳақда Беларус бош вазири ўринбосари Юрий Шулейко маълум қилди.

Belarus

Унинг таъкидлашича, бу улкан вазифа икки давлат раҳбарлари томонидан белгилаб берилган ва аниқ натижалар кутилмоқда. Расмий маълумотларга кўра, 2024 йил якунида икки томонлама товар айирбошлаш ҳажми 14,8 фоизга ўсиб, 620,1 млн долларга етган.

Ўзбекистон асосан саноат товарлари, тайёр маҳсулотлар, озиқ-овқат маҳсулотлари ва транспорт жиҳозларини экспорт қилмоқда. Беларусьдан эса озиқ-овқат, машиналар, кимёвий моддалар ва саноат хомашёсини импорт қилмоқда.

Ўзбекистон бош вазир ўрибосари Ачилбай Раматов қўшма ишлаб чиқаришларни йўлга қўйиш, замонавий технологияларни маҳаллийлаштириш ва экспортга йўналтирилган корхоналарни ташкил этиш орқали кооперацияни янада чуқурлаштириш муҳимлигини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, ишбилармонлар кенгаши фаолияти ҳам ривожлантирилади.

Агросаноат, машинасозлик, фармацевтика, енгил ва озиқ-овқат саноати ҳамкорликнинг устувор соҳалари сифатида қайд этилди. Шунингдек, логистика ва маҳсулотларни учинчи мамлакатлар бозорларига етказиш масалаларига ҳам эътибор қаратилади.

Яқинда Беларус ташқи ишлар вазири Максим Риженков Термизга ташриф буюриб, ўзбекистонлик ҳамкасби Бахтиёр Саидов билан «Термиз халқаро савдо маркази» орқали Афғонистон йўналишидаги савдо йўлларини кенгайтириш масаласини муҳокама қилди.

Йиғилишда, шунингдек, таълим, соғлиқни сақлаш ва илмий-техник алмашинув соҳаларидаги ҳамкорлик масалалари ҳам кўриб чиқилди. Минск Ўзбекистон бозорида ўз иштирокини экспорт ва инвестиция лойиҳалари орқали кенгайтиришга тайёрлигини билдирди.