Путин: Меҳнат мигрантларига рус тили ва маданиятини ўргатишга оид кенг қамровли режа ишлаб чиқилмоқда

13:50 | 3 дақиқада ўқилади.

Россия президенти Владимир Путин икки давлат меҳнат миграцияси бўйича узвий ҳамкорликка келишганини маълум қилди. Унинг таъкидлашича, Россияда ишлашни истовчи ўзбекистонлик фуқароларни олдиндан тайёрлаш бўйича умумий режа ишлаб чиқилган.

Putin oreshnik

ТАСС агентлиги ташаббуси билан ўтказилган халқаро ахборот агентликлари раҳбарлари учрашувида сўзга чиққан Путин Ўзбекистонда аҳоли сони кескин ортиб бораётганини қайд этди. Унинг сўзларига кўра, ҳар йили Ўзбекистон аҳолиси тахминан 1 миллион кишига кўпаётгани меҳнат бозорига жиддий таъсир кўрсатмоқда.

Президент Путин Россия меҳнат бозоридаги эҳтиёжни ҳисобга олган ҳолда, меҳнат мигрантларини тайёрлаш, хусусан, рус тили ва маданиятини ўргатишга оид кенг қамровли режа ишлаб чиқилаётганини билдирди. У мазкур жараёнда икки давлатнинг ҳамкорлиги ҳал қилувчи аҳамият касб этишини таъкидлади.

Шунингдек, Россия раҳбари ёшлар ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлаш муҳим эканини таъкидлаб ўтди. Унга кўра, яқинда Саида Мирзиёева Москвада бўлиб, Россия ҳукумати ва Президент администрацияси вакиллари билан ушбу масалалар юзасидан учрашувлар ўтказган. Саида Шавкатовна Ўзбекистон президентининг топшириғига биноан ёшлар сиёсати йўналишини фаол ривожлантирмоқда.

Путиннинг фикрича, ёшлар сиёсати икки давлат муносабатларининг асосий устувор йўналишларидан бири бўлиб қолади. Россия бу борадаги аниқ таклифларни қўллаб-қувватлашга ва ҳамкорликни давом эттиришга тайёр эканини билдирди.