Ҳужжатга асосан, мослаштириш харажатларининг 50 фоизи, лекин энг кўпи билан БҲМнинг 30 баравари миқдоридаги сумма давлат томонидан қоплаб берилади. Бу ёрдам икки йўналишда амалга оширилади: 2024 йил 1 октябргача шаҳар ва шаҳарлараро йўналишларда автобус хизматини кўрсатган тадбиркорлар, шунингдек 2024 йил 1 ноябрдан кейин I гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларнинг шахсий автомашиналари учун.
Тадбиркорларга тегишли автобуслар қуйидаги жиҳозлар билан таъминланган бўлиши лозим:
— йиғма пандус;
— аудио ва визуал монитор;
— ахборот колонкалари (3 тагача);
— микрофон ва алоқа тугмаси;
— бекатлар ҳақида маълумот берувчи тахта.
Шу билан бирга, I гуруҳ ногиронлар шахсий автомашиналарида:
— газ ва тормоз педаллари қўл бошқарувига ўтказилиши;
— механик узатмаларни автоматга алмаштириш харажатлари қопланади.
Мурожаат учун аризачилар автотранспорт воситаси мослаштирилган санадан бошлаб 90 кун ичида «Инсон» марказлари, «Ягона миллий ижтимоий ҳимоя» тизими ёки ЯИДХП (my.gov.uz) орқали ариза топшириши мумкин.