Тиббиётда тарихий ислоҳотлар: Президент фармонида кўзланган етти асосий мақсад

16:40 | 3 дақиқада ўқилади.

Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар нафақат тизимни тубдан янгилаш, балки аҳолига тиббий хизматлар сифатини оширишга қаратилган. Президентнинг 2024 йил 19 майда қабул қилган фармони — бу жараёнда йўл харитаси вазифасини бажараётир.

Президент Тиббиёт

Ушбу фармон орқали тиббий хизматларни илғор халқаро тажриба асосида ташкил этиш, рақамлаштириш ва тиббиётни аҳолига яқинлаштириш каби устувор йўналишлар белгиланди. Асосий мақсад эса — халқ розилигини таъминлаш.
Фармонда қайд этилган биринчи мақсад — бирламчи тиббий-санитария ёрдамининг халқаро стандартларга асосланган янги моделини жорий этишдир. Бу аҳолига сифатли ва узлуксиз хизмат кўрсатишнинг асоси сифатида кўрилмоқда.
Иккинчи йўналиш — маҳаллий тиббиёт муассасаларини ягона ёндашув асосида ташкил қилиш ва уларни аҳолига яқинлаштиришдан иборат. Учинчи мақсад — оилавий шифокорлар улушини 70 фоизга етказишдир.
Тўртинчи мақсад — рақамлаштириш орқали тиббиётда қоғозбозликни камайтириш ва шифокорлар юкини 30 фоизгача тушириш. Бу орқали тиббиёт ходимлари беморларга янада кўпроқ вақт ажрата олади.
Бешинчи мақсад — тиббий хизматлардан аҳоли розилигини 85 фоизга етказиш. Бу кўрсаткични ошириш учун сервис сифатини яхшилашга катта эътибор қаратилмоқда.
Олтинчи мақсад — тиббиёт ходимларини самарадорлик асосида моддий рағбатлантириш тизимини жорий қилиш. Бу соҳага интилиш ва рақобатбардошлик олиб келиши кутилмоқда.
Якуний мақсад — тиббиёт бригадалари ходимларининг билими ва амалий кўникмаларини мустаҳкамлашдир. Бу орқали кадрлар салоҳияти оширилиб, тизим самарадорлиги кучайтирилади.
Фармонда улкан ва эзгу мақсадлар кўзда тутилган. Уларнинг ҳаммасини бирлаштириб турган жиҳат эса — одамлар розилигига эришиш, деб ёзмоқда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати