Таниқли қўшиқчи Фаррух Хамраев шоирнинг шеъридан рухсатсиз фойдалангани учун жаримага тортилди

17:20 | 2 дақиқада ўқилади.

Фарғоналик шоир Исмоилжон Бабаевнинг «Она юринг ҳажга борамиз» номли шеъридан рухсатсиз фойдаланган хонанда Фаррух Хамраев маъмурий жавобгарликка тортилди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги ахборот берди.

Фаррух Хамраев

Маълум қилинишича, Фаррух Хамраев ушбу шеърдан муаллиф рухсатисиз ва шартнома тузмасдан фойдаланган. Бу ҳолат ҳуқуқбузарлик сифатида баҳоланиб, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 177 прим 1-моддаси асосида протокол расмийлаштирилган ва иш тегишли судга юборилган.

Тошкент шаҳар жиноят ишлари бўйича Яккасарой туман суди қарорiga кўра, хонандага нисбатан кодекснинг мазкур моддасига асосан жарима жазоси қўлланилган. Жарима миқдори ошкор этилмаган, аммо муаллиф ўз ҳуқуқларининг бузилиши натижасида БҲМнинг 20 бараваридан 1000 бараваригача товон талаб қилиш ҳуқуқига эга.

Адлия вазирлиги ижодкорларни муаллифлик ҳуқуқларини ҳимоя қилишга чақирди ва бундай ҳолатлар юз берганда «1008» ишонч телефони ёки info@adliya.uz электрон почтаси орқали мурожаат қилишни тавсия қилди.