Форум Туркий кенгашга аъзо ва ҳамкор давлатлар ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш мақсадида ташкил этилди. Ўзбекистон делегацияси таркибида Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги вакиллари ҳам иштирок этди. Йиғилиш доирасида маҳаллий ишлаб чиқарувчилар Бокунинг йирик импортчилар, логистика ва қурилиш компаниялари билан B2B учрашувлар ўтказди.
Қурилиш материаллари соҳасида ўзбек компаниялари — New Best Style, Lux Ceramics Group ва Ekokerama каби корхоналар Uni Tiles MMC компанияси томонидан катта қизиқиш билан қарши олинди. Музокаралар натижасида «Ўзсаноатқурилишматериаллари» уюшмаси ва Uni Tiles MMC ўртасида 1 млн долларлик шартнома имзоланди.
Шунингдек, New Best Style ва Sahil Inshaat 2020 ўртасида 500 минг долларлик ПВХ-панеллар етказиб бериш шартномаси тузилди. Озарбайжон қурилишчилар ва ишлаб чиқарувчилар уюшмаси (ATIA) билан ҳам ҳамкорлик йўлга қўйилди.
Трикотаж маҳсулотлар экспорти бўйича Artatex ва MMS Universal Trade XI ўртасида келишувга эришилди. Orzu-Teks компанияси томонидан мунтазам равишда 35 тонна рангли трикотаж етказиб бериш тўғрисида шартнома тузилди.
Жами 68 млн долларлик экспорт шартномалари керамика маҳсулотлари, махсус кийимлар, болалар кийими ва 5 минг дона климат техникасини қамраб олди. Форум якунида Ўзбекистон маҳсулотлари учун Бокуда 1 500 метр квадратли доимий шоурум ташкил этиш бўйича келишувга эришилди.