Япон телерадиокорпорацияси NHK Россия ва Ғарбдаги дипломатик манбаларига таяниб хабар беришича, Шимолий Корея Россияга 25 минггача фуқаросини юборишни режалаштирмоқда. Улар Елабугадеги «Геран» («Shahed») дронларини ишлаб чиқариш корхонасида дронлар яратиш ва бошқариш кўникмаларини ўрганишади.
Бу ташаббус Пёнгянгнинг Москвага ҳарбий эҳтиёжларини қоплашда ёрдам беришга тайёр эканини намоён этмоқда. Хусусан, сўнгги ҳафтада Украина Бош разведка бошқармаси раҳбари Кирилл Буданов Россия КХДРга узоқ масофага мўлжалланган зарбали дронлар технологиясини ўргатишни бошлаганини маълум қилган эди. Унинг сўзларига кўра, «Гарпия» ва «Геран» типидаги дронлар ишлаб чиқариш бўйича заводлар Шимолий Кореяда ташкил этилиши кутилмоқда.
Буданов, шунингдек, Шимолий Кореяда тайёрланган дронларнинг бир қисми Россияга қайта етказилиб, Украинага қарши урушда қўлланилиши мумкинлигини таъкидлаган. Ҳозирда Россия ойига тахминан 2 мингта дрон ишлаб чиқармоқда, аммо яқин келажакда бу кўрсаткични 5 мингтагача ошириш нияти бор.
Жорий ҳафта Россия Хавфсизлик кенгаши котиби Сергей Шойгу КХДРга ташриф буюриб, Пёнгянгдан Қурск областиига миналарни тозалаш учун минг нафар сапёр ва қурилиш ишлари учун 5 минггача ишчи юборилиши ҳақида эълон қилди. Бу сўнгги бир ой ичида Шойгунинг Шимолий Кореяга иккинчи бор сафаридир.
Шимолий Корея ва Россия ўртасидаги бу каби ҳамкорлик ғарб давлатларининг хавотирини кучайтирмоқда. Чунки ҳарбий ва технологиявий алоқалар халқаро санкциялар билан чекланган икки давлат ўртасида янги блок шаклланишига олиб келиши мумкин.