Рақобат қўмитаси хорижда иш ва ўқишни ваъда қилувчи лицензиясиз фирмалардан эҳтиёт бўлишга чақирди

08:00 | 4 дақиқада ўқилади.

Ўзбекистон фуқароларини «осон» йўл билан хорижга ишлаш ёки ўқишга юборишни ваъда қилувчи консалтинг фирмалари сони ортиб бормоқда. Лекин уларнинг кўпчилиги лицензиясиз ва фаолияти қонуний эмас.

Consoulitng

Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси ахборот хизмати маълум қилишича, жорий йилда хорижда ишлаш ёки ўқиш масаласида консалтинг хизматлари кўрсатамиз, деб алдаган фирмалар юзасидан 20га яқин мурожаат келиб тушган. Уларнинг аксарияти фирмаларга катта миқдорда пул тўлаб, натижада на хизмат олган ва на маблағини қайтариб олган.

Масалан, Тошкентдаги «KONSALTING N1 B2B» МЧЖ Латвияга ишга юборишни ваъда қилиб А.Б.дан 16 млн сўмдан ортиқ пул олган. Фарғоналик фуқаро Ш.М. «VIVAT VIZ» МЧЖга 2000 доллар тўлаган, Янгийўл туманида яшовчи О.Х. эса Германияга ишлашга бориш мақсадида «BLACK MOUNTAIN PRO» МЧЖга 36 млн сўм берган. Аммо ҳеч бири ўз ваъдасида турмаган.

Қонунга кўра, хорижга ишга жойлаштириш лицензияга эга бўлган хусусий бандлик агентликлари орқали амалга оширилиши мумкин. Аммо кўплаб фирмалар бу талабга амал қилмаяпти. Жумладан, «DIAMOND IDEAL», «XORIJDA ISH VA O‘QISH», «SJ TEAM», «CONSULTING FLY» ва бошқа фирмалар фақат пул тўплаш билан чекланиб, хизматни амалга оширмаган.

Айрим ҳолатларда эса консалтинг фирмалари жамоатчиликка Европа давлатларига ишга юборишни реклама қилмоқда. «EVERYONE CONSULT» ва «WORLDVIZA» МЧЖларига лицензиясиз фаолият олиб боргани учун 112,5 млн сўм миқдорида жарима қўлланилган. «RICH RESULT», «RAVON CONSULT GROUP» ва «ADWORLD GROUP» МЧЖларига нисбатан ҳам ҳуқуқий чоралар кўрилган.

Қўмита фуқароларни огоҳ бўлишга чақиради: ҳар қандай фирма билан шартнома тузишдан аввал унинг лицензияси, қонуний фаолияти ва шартномадаги барча бандлар билан танишиб чиқиш лозим. Қонунни билмаслик ўзингизни молиявий ва ҳуқуқий муаммолар гирдобига олиб кириши мумкин.