Диплом олиш учун 4 йил, лекин иш бошқа соҳада: HeadHunter Ўзбекистон меҳнат бозорини таҳлил қилди

08:30 | 3 дақиқада ўқилади.

HeadHunter Uzbekistan’нинг сўров натижаларига кўра, аҳолининг аксар қисми олий маълумотига мос ишда эмас.

Coureir

HeadHunter Uzbekistan онлайн платформаси томонидан иш изловчилар ўртасида ўтказилган сўров натижаларига кўра, респондентларнинг фақат учдан бир қисми олинган маълумотига мувофиқ касбий фаолият олиб боришини билдирган. Қолганлари эса мутахассислигини бутунлай ўзгартирган ёки фақат қисман қўллаётганини таъкидлаган.

Тадқиқот натижаларига кўра, сўровда қатнашганлардан 64 фоизининг олий ёки олий таълимдан кейинги маълумоти мавжуд. Бироқ уларнинг 78 фоизи агар имкони бўлганида бошқа мутахассисликни танлаган бўлишини билдирган. Бу эса касб танлашдаги хато қарорлар ва меҳнат бозоридаги талаблар билан боғлиқ муаммоларни кўрсатади.

Шунингдек, респондентларнинг фақат 27 фоизи дипломни касбий муваффақият учун ҳал қилувчи омил деб ҳисоблайди. Қолганлар эса ишда энг асосий жиҳатлар сифатида тажриба, мослашувчанлик ва амалий кўникмаларни санаб ўтган.

Сўровда қатнашганларнинг 74 фоизи онлайн таълимни қўллаб-қувватлашини билдирган, бироқ уларнинг учдан бири интернет орқали ўқишни университет таълимига тўлиқ тенг деб ҳисоблайди.

hh.uz платформаси таъкидлашича, иш берувчилар ҳали ҳам дипломга эътибор қаратади. Бироқ амалда улар ишчиларнинг ташаббускорлиги, амалий тажрибаси ва мослашув қобилиятига кўпроқ аҳамият бермоқда.