Қўмитанинг асосий муҳокамаларидан бири — 18 та масала рўйхатга олиш ва лицензиялаш соҳасига тааллуқли бўлди. Жумладан, микромолия ташкилотларини рўйхатдан ўтказиш ва чиқариш, уставлардаги ўзгаришларни тасдиқлаш ҳамда банк раҳбарияти таркибини кўриб чиқиш масалалари муҳокама этилди.
Шунингдек, 19 та масала кредит ташкилотларининг молиявий ҳолатига бағишланди. Марказий банк кўрсатмалари ва пруденциал меъёрларига риоя қилиниши, банклар томонидан белгиланган режаларнинг ижроси таҳлил қилинди. Унда айрим банклар томонидан муаммоли кредитларни камайтириш ишлари етарлича амалга оширилмаётгани қайд этилди.
Қўмитанинг хулосасига кўра, 17 та тижорат банкига нисбатан чора-тадбирлар кўриш ва санкциялар қўллаш бўйича огоҳлантирув берилди. Бу банклар устав капитали тўғрисидаги талабларга тўлиқ риоя қилмаган ва муаммоли активларни бартараф этиш бўйича режаларни бажармаган.
Текширувлар давомида аниқланган қоидабузарликлар учун 13 та банкга нисбатан жарима санкциялари қўлланилди. Марказий банкнинг маълум қилишича, келгуси йиғилишларда ушбу банкларга расмий санкциялар татбиқ этилиши мумкин.
Бу йиғилиш Банк назорати қўмитасининг молия тизимида барқарорликни таъминлашга қаратилган саъй-ҳаракатлари доирасидаги муҳим босқич бўлди, дейилади Марказий банк хабарида.