Бугундан 1-синфга онлайн қабул бошланди

10:00 | 2 дақиқада ўқилади.

20 июн куни соат 09:00дан Ўзбекистонда 2025/2026 ўқув йили учун умумтаълим мактабларининг 1-синфига онлайн қабул жараёни бошланди. Ота-оналар ва қонуний вакиллар фарзандларини мактабга киритиш учун электрон аризаларни расмий тарзда юбориши мумкин.

Maktab

Аризаларни қабул қилиш учун икки асосий платформа ишга туширилган: my.maktab.uz электрон платформаси ва Ягона интерактив давлат хизматлари портали — my.gov.uz. Ҳар икки тизим орқали рўйхатдан ўтиш ва керакли ҳужжатларни тақдим этиш имкони мавжуд.

Онлайн қабул жараёни мактабгача таълим ташкилотлари ва умумтаълим мактаблари ўртасидаги узлуксизликни таъминлаш, бюрократик тўсиқларни камайтириш ва ота-оналар учун қулайлик яратиш мақсадида жорий этилган.

Янги ўқув йили учун қабул жараёнида мактаб танлаш, яшаш манзилига яқинлиги ва бошқа мезонлар муҳим аҳамиятга эга бўлади. Шу сабабли, ариза топширишда берилган йўриқномаларга тўлиқ риоя қилиш тавсия этилади.

Хусусан, ҳужжат топшириш жараёнида боланинг туғилганлик ҳақида гувоҳномаси, ота-она ёки қонуний вакилнинг шахсий маълумотлари ҳамда яшаш манзили тасдиғи сингари маълумотлар талаб этилиши мумкин.