Тошкентда «Hyundai» ва «Kia» товар белгиларидан ноқонуний фойдаланишга чек қўйилди

16:20 | 2 дақиқада ўқилади.

Жанубий Кореянинг машҳур автокомпаниялари — «Hyundai» ва «Kia» товар белгилари Тошкентда айрим тадбиркорлар томонидан ноқонуний равишда ишлатилган. Мутасадди органлар бу ҳолатларга жавоб қайтарди ва ҳуқуқбузарликларни бартараф этди.

Hyundai kia

Тошкент шаҳрида фаолият юритувчи айрим тадбиркорлик субъектлари «Hyundai» ва «Kia» компанияларига тегишли товар белгиларига эгалик ҳуқуқи бўлмаган ҳолда улардан фойдалангани аниқланди. Адлия вазирлиги қошидаги Интеллектуал мулк агентлигига Жанубий Корея компаниялари вакиллари томонидан берилган расмий мурожаатлар орқали ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар эътиборига тушган.

Ўтказилган текширувлар давомида тадбиркорлар томонидан мазкур товар белгилари реклама ва ташқи кўринишда қўллангани тасдиқланди. Хусусан, бино фасадларидаги ёзувлар ва логотиплар «Hyundai» ҳамда «Kia» га мансуб бўлса-да, улар учун расмий лицензия ва рухсатнома мавжуд эмаслиги маълум бўлди.

Назоратчи органлар ушбу ҳолатларнинг барчасини жойида бартараф этди. Бино пешлавҳаларидаги белгилар олиб ташланди ва ҳуқуқбузарликлар қатъий чоралар асосида бартараф этилди. Тадбиркорларга нисбатан белгиланган қонунчиликка мувофиқ ҳуқуқий таъсир чоралари кўрилди.

Мутасаддилар томонидан таъкидланишича, интеллектуал мулк ҳуқуқини ҳимоя қилиш ҳар қандай бизнес субъектлари учун мажбурий талаб бўлиб, товар белгилари фақат ҳуқуқ эгаларининг рухсати билан қўлланилиши лозим.