Трамп қарори ортидан нефт нархи пасайди, фонд бозорлари ўсди

18:00 | 3 дақиқада ўқилади.

АҚШнинг Яқин Шарқ можаросида иштирок этишини кечиктириши бозорларга ижобий таъсир кўрсатди: нефт нархи 3 фоизгача тушди, Европа ва Осиёдаги акциялар эса ўсишни қайд этди.

Trump neft

20 июн куни АҚШ президенти Доналд Трампнинг Исроил ва Эрон ўртасидаги урушга ҳарбий аралашув масаласини икки ҳафтага кечиктириш ҳақидаги баёноти халқаро молия бозорларида сезиларли реакцияга сабаб бўлди.

Лондонда нефт нархи 3 фоизгача пасайиб, бир баррел учун 76,10 доллар даражасигача тушди. Бироқ ҳафта давомида умумий 4 фоиз, ой давомида эса 20 фоизлик ўсиш қайд этилган. MUFG таҳлилчиси Дерек Халпеннининг таъкидлашича, бу пасайиш Яқин Шарқда кескинлик кучайиши хавфининг камайганидан далолат беради.

АҚШ доллари ҳам унча катта бўлмаган даражада пасайди. Бошқа анъанавий «ҳимоявий актив» саналадиган олтин нархи ҳам тушди.

Европа ва Осиёдаги асосий фонд биржаларидаги индекслар 0,5–1 фоизгача ўсди. MSCI жаҳон индексидаги иккинчи ҳафталик йўқотишнинг олдини олиш масаласи эса очиқлигича қолмоқда.

Исроилнинг Эрон ҳудудидаги ҳужумлари ва Теҳроннинг жавоб ракета зарбаларига қарамасдан, бозорлар бироз юмшоқ реакция билдирди. Бу Трампнинг тезкор аралашувдан воз кечгани билан боғланмоқда.

Женевада Европа Иттифоқи ташқи ишлар вазирлари Эрон ташқи ишлар вазири билан учрашиб, ядровий дастур юзасидан дипломатик музокараларга қайтиш йўлини муҳокама қилмоқда.

Шу билан бирга, Осиёдаги саҳмдорлик бозорларида Хонгконгнинг Hang Seng индекси 1,2 фоизга, Жанубий Кореянинг Kospi индекси эса янги сайланган президент Ли Же Мённинг иқтисодий рағбатлантириш режалари фонида 2022 йил бошидан бери илк марта 3 000 поғонасидан ошиб ўтди.