Ўзбекистонда давлат хизматчилари учун мобил иловада маълумотлар базаси яратилади

18:20 | 2 дақиқада ўқилади.

2025 йил 1 сентябрдан бошлаб Ўзбекистонда «Давлат хизматчиси» мобил иловаси ишга туширилади. Президентнинг 2025 йил 19 июн куни қабул қилинган фармонига асосан, ушбу платформа давлат хизматчиларининг шахсий ривожланиши, малакасини ошириш ва ўзаро мулоқотини кучайтиришга хизмат қилади.

Data base

Мазкур илова орқали ходим тўғрисидаги маълумотлар — иш фаолияти, компетенциялар, шахсий ривожланиш режаси, боғланиш учун телефон рақами, электрон почтаси ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари каби ахборотлар базаси яратилади. Шу орқали раҳбарлар ходимлар фаолиятини мониторинг қилиши, ташаббусларга муносабат билдириши ва тармоқлараро мувофиқлашувни самарали йўлга қўйиши мумкин бўлади.

Иловада давлат хизматчиларининг компетенциялари масофавий тарзда ривожлантирилади, малака ошириш бўйича статистик маълумотлар тўпланади. Бу орқали хизматчиларнинг билим ва кўникмаларини мунтазам равишда янгилаш имконияти яратилади.

Фармонда, шунингдек, ҳар йили 23 июн — БМТнинг Давлат хизмати куни муносабати билан давлат идораларида хизматчилар оила аъзолари учун махсус «оила куни» (family day) тадбирлари ўтказилиши ҳам белгилаб қўйилди.

Яна бир муҳим жиҳат — кадрлар сиёсати учун жавобгар бўлган HR раҳбарлари раҳбар маслаҳатчиси мақомига эга бўлади. Улар Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги билан келишилган ҳолда лавозимга тайинланади ва озод этилади.