Украина ТИВ раҳбари: «Рус аскарининг оёғи етган жой вайрона бўлади»

09:00 | 3 дақиқада ўқилади.

Украина ташқи ишлар вазири Андрий Сибига Россия президенти Владимир Путиннинг баёнотларига жавобан, Россиянинг ҳарбий сиёсати нафақат Украинага, балки ўз халқига ҳам ҳалокат олиб келаётганини таъкидлади. У халқаро ҳамжамиятни Кремлни тўлиқ яккалашга чақирди.

Sibiga

Украина ташқи ишлар вазири Андрий Сибига Россия президенти Владимир Путин томонидан яқинда қилинган шовинистик баёнотларга муносабат билдирди. Унинг сўзларига кўра, Путин Украина ҳудудларини эгаллаш режаларини муҳокама қилар экан, АҚШ ва бошқа давлатларнинг тинчликка чақирувларини умуман эътиборсиз қолдирмоқда.

Сибига «Х» ижтимоий тармоғида ёзган мурожаатида «Путин рус аскарларининг ёки уларнинг учувчи аппаратлар томонидан узилган оёқлари тақдирига бефарқ», дея таъкидлади. У Россия президентини ўз халқининг оммавий қатлиомини амалга ошираётган «асоссиз ва қонли уруш» муаллифи сифатида тилга олди.

Вазирнинг таъкидлашича, уруш бошланганидан буён Россия бир миллион аскардан айрилган, бу эса икки миллион оёқ деганидир. Сибига «Рус аскарининг қаергадир қадам босиши — ўлим, вайрона ва култепага айланишни англатади», деб таъкидлади.

Шунингдек, у Путинни ўз фуқароларини нафақат фронтга, балки ички ижтимоий-иқтисодий таназзул сари етаклаётган раҳбар сифатида таърифлади. «У Россияни Хитой, Эрон ва Шимолий Корея каби халқаро ҳамжамият томонидан яккаланган режимлар қаторига олиб кирди», деди Сибига.

Сибига халқаро ҳамжамиятни Россияга қарши қаттиқроқ чоралар кўришга чақирди. У Украина мудофаасига кўпроқ ёрдам бериш, Россия иқтисодиётига кучли зарба бериш ва уни террорчи давлат сифатида тан олишни талаб қилди.