Путин Россия Эронни қандай қўллаб-қувватлаётгани ҳақида сўзлади

09:30 | 3 дақиқада ўқилади.

Санкт-Петербург халқаро иқтисодий форумида нутқ сўзлаган Владимир Путин Россиянинг Эрондаги фаолияти, халқаро муносабатлардаги ўрни ва ишончсиз иттифоқчи деган танқидларга муносабат билдирди.

путин эрон

Россия президенти Владимир Путин Москвани ишончсиз иттифоқчи деб атайдиган одамларни «провокаторлар» деб атади. Бу ҳақда у Петербург халқаро иқтисодий форумида маълум қилди.

«Россиянинг ишончли иттифоқчи эмаслигини таъкидловчи бундай фикрларни тарқатаётганлар провокаторлардир. Улар вазиятни кескинлаштирмоқда. Аммо бу уларга фойда келтирмайди. Улар ўз мақсадларига эриша олмайдилар», деди Путин бошловчининг «Россия Эронни ҳимоя қилмагани учун ишончсиз иттифоқчи деб айтаётганларга нима деб жавоб берардингиз?» деган саволига.

Путин дунёда содир бўлаётган барча можаролар бир-биридан тубдан фарқ қилишини таъкидлади.

РФ Президенти, Эрон атрофидаги вазиятнинг мураккаблигига қарамай, Россия Бушаҳрдаги ядро реактори бўйича ишларни давом эттираётганини таъкидлади.

«Биз Эрон атрофидаги вазиятнинг бутун мураккаблигига қарамай, Эронда, Бушаҳрда атом реакторини қурдик. Яна иккита атом реакторини қуриш учун шартнома имзоладик ва биз вазиятнинг барча мураккабликларига, маълум даражадаги хавф-хатарга қарамай, бу ишни давом эттиряпмиз», — деди у.

Путиннинг таъкидлашича, Исроил бош вазири Бинямин Нетаняху «Бушаҳр» атом электр станциясидаги Россия ходимларининг хавфсизлигини таъминлаш зарурлигига рози бўлган, АҚШ президенти Доналд Трамп эса бу ташаббусни қўллаб-қувватлашга ваъда берган.

«Биз Исроил билан муносабатларимизнинг маълум даражасига ва АҚШ билан тикланаётган алоқаларимизга таяниб, ҳам Исроил, ҳам президент Трамп олдига Бушаҳр атом электр станциясидаги Россия ходимларининг хавфсизлиги масаласини қўйдик. Биз у ерда, Эронда ўз вазифаларимизни Эроннинг тинч атом энергиясига бўлган ҳуқуқини тан олган ҳолда ва бутунлай халқаро меъёрлар доирасида бажараётганимизни тушунтириб, ходимларимиз хавфсизлигини таъминлашни сўрадик», — деди Путин.