BBC манбаларининг таъкидлашича, Исроил Эронга қарши амалга оширган операцияни 13 июнгача бошлаб юборган бўлган. Ҳужумлардан аввал Эрон ҳудудида кенг қамровли разведка фаолиятлари олиб борилган. Исроил махсус хизматлари, айниқса «Моссад», ҳужумларнинг режалаштирилиши ва амалга оширилишида ҳал қилувчи рол ўйнаган.
Эрон махсус хизматлари Исроилнинг мамлакат ичидаги қўпорувчилик фаолияти ҳақида аввалдан шубҳаланиб келган бўлса-да, воқеликдаги миқёс кутилганидан анча юқори бўлган. Ҳужумлардан сўнг маълум бўлишича, «Моссад» нафақат разведка маълумотларини жамғарган, балки мамлакат ичидаги алоҳида мақсадли обьектларга қарши тезкор ҳаракатлар ташкил қилган.
Айрим манбаларга кўра, бу ҳужумлар ядровий ва ҳарбий инфратузилмаларга, ракета омборлари ва қўмондонлик марказларига йўналтирилган бўлиб, бунинг ортида узоқ вақт давомида амалга оширилган махфий операциялар турган. Эрондаги киберхавфсизлик раҳбарлари ҳатто юқори мансабдорларга смартфон ва гаджетлардан фойдаланишни тақиқлашга мажбур бўлишган.
BBC маълумотига кўра, Исроил «Моссад» орқали Эрон ҳудудида махфий базалар ташкил этган ва уларда дронлар ва ракета тизимлари йиғилган. Бундай базалардан бири Теҳрон яқинидаги Рай шаҳрида аниқланган бўлиб, уч қаватли бино камикадзе дронлар ишлаб чиқариш ва сақлаш мақсадида фойдаланилган.
Исроил нашрлари тарқатган маълумотларга қараганда, бу ускуналар Ироқ орқали юк машиналарида, тижорат жўнатмалари ва ҳатто йўловчилар ёнидаги юклар орқали контрабанда қилинган. Электрон портлатгичлар, камералар, литий батареялар, GPS тизимлари ва телекоммуникация ускуналари шу тарзда Эронга киритилган ва кейинчалик улар асосида ҳужум қуроллари йиғилган.
Мутахассислар бу каби амалиётларнинг муваффақияти Эрон махсус хизматлари фаолиятининг самарасизлигини кўрсатибгина қолмай, мамлакатдаги ички хавфсизлик тизимига жиддий шубҳа уйғотганини таъкидлашмоқда.