Россия президенти Владимир Путин мамлакат иқтисодиётини ривожлантириш мақсадида ҳарбий саноатни фуқаролик эҳтиёжларига мослаштириш зарурлигини айтди. Унинг таъкидлашича, бугунги кунда яхши суръатда ишлаб чиқаришни амалга ошираётган мудофаа саноати энди қўш мақсадларда — ҳам ҳарбий, ҳам фуқаролик эҳтиёжлари учун ишлаши керак.
Путин бу ҳақда Петербург халқаро иқтисодий форумида сўзга чиқар экан, «ҳарбий-саноат мажмуаси билан фуқаролик сектори ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш»ни ва «иккиламчи мақсаддаги маҳсулотлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш»ни таклиф этди. У бундай маҳсулотлар қаторига денгиз техникаси, авиация, электрон саноат, тиббиёт ускуналари ва қишлоқ хўжалиги соҳасидаги технологияларни киритди.
Президент таъкидлашича, ВПК ҳозирда янги турдаги қурол-яроғ ва техника ишлаб чиқаришда фаоллик кўрсатмоқда. Аммо у бу фаолиятни фақат ҳарбий мақсадларда чеклаб қўймаслик, фуқаролик сегментида ҳам иштирокини кенгайтириш лозимлигини уқтирди.
Бу ёндашув совет иттифоқи сўнгги йилларида амалга оширилган иқтисодий конверсия сиёсатини эслатади. 1980-йиллар охирида нефт нархларининг пасайиши ва валютанинг етишмаслиги туфайли СССР ҳарбий заводларда истеъмол товарлари — мебел, идиш-товоқ, маиший техника каби маҳсулотлар ишлаб чиқара бошлаган.
Масалан, Новосибирскдаги авиация заводи алюминий кастрюллар, Красноярск яқинидаги завод эса машҳур «соғломлик дисклари»ни ишлаб чиқарган. Бу чоралар оддий истеъмол маҳсулотларини четдан импорт қилишнинг имкони бўлмаган вазиятда ички бозорни таъминлашга қаратилган эди.