Россия СССР каби иқтисодий таназзул хавфи остонасида турибди — РФ Давлат думасининг бюджет раҳбари

21.06.2025 10:40 | 4 дақиқада ўқилади.

Россия Давлат думаси бюджет ва солиқлар бўйича қўмитаси раҳбари Андрей Макаров мамлакат иқтисодиёти СССРнинг сўнгги йилларига ўхшаш хавфли сценарий сари ҳаракатланаётганини билдирди. Унингча, давлатнинг аҳолининг талабларини қоплаш имконияти чекланган ва ресурслар тугаб бормоқда.

Andrey makarov

Петербург халқаро иқтисодий форуми доирасида ўтказилган Сбернинг «ишбилармонлик нонуштаси» тадбирида сўзга чиққан Андрей Макаров жиддий огоҳлантирув билан чиқди. Унинг таъкидлашича, СССР Горбачёв ёки Елцин туфайли эмас, балки давлат аҳолининг фаровонлигини таъминлашга маблағ тополмагани сабабли парчаланган.

«Талаблар доим ўсиб боради, давлат эса доимий равишда уларни қоплашга қодир эмас», деди Макаров. Унингча, давлатнинг ортиқча харажатлар билан иқтисодиётни қўллаб-қувватлаш имконияти чекланган, Фуқаролик саноати ва ижтимоий соҳалардаги харажатлар юқори бўлиб, буни давлатнинг ўзи бардош бера олмайди.

Макаров молия вазирлигининг маълумотларига таянади. Унга кўра, Миллий фаровонлик жамғармасининг ликвид активлари 2022 йилдан буён уч баробар камайиб, 2025 йил 1 июн ҳолатига кўра 2,8 трлн рублни ташкил қилган. Россия президенти ҳузуридаги РАНХиГС муассасаси эса бу маблағ 2026 йилгача тўлиқ тугаши мумкинлигини тахмин қилмоқда.

Макаров хусусий бизнес иштирокисиз миллий лойиҳалар муваффақиятсиз бўлишини айтди. Аммо айни пайтда давлатнинг мулкни тортиб олишга оид сиёсати, жумладан, муддатларсиз даъво имконияти орқали кўп компанияларнинг миллийлаштирилиши бизнеснинг иштирокига тўсиқ бўлмоқда.

У жорий амалиётлар хусусий мулк ҳимояси институтини йўққа чиқараётганини қайд этиб, ҳатто Россия президенти Владимир Путин 2001 йилда «ҳалол йўл билан мулк орттирганларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш»ни талаб қилганини эслатди.

Макаров, шунингдек, Россияда иқтисодий масалаларни муҳокама қилиш ўрнига «доимий душман қидириш»га ўтилаётганини танқид қилди. У бундай ёндошувни «савиясизлик ва маблағ ечимини фақат пул босишда кўрадиган» шахслар хатоси деб атади.

Унинг гаплари «Единая Россия» партияси вакили бўлган, 14 йилдан буён Думада муҳим қўмитани бошқариб келаётган сиёсатчининг позицияси сифатида кутилмаган ҳодиса сифатида баҳоланди.

Айни кунларда ПХЭФда бошқа расмийлар ҳам шунга ўхшаш хавотирлар билдирган. Марказий банк раҳбари Элвира Набиуллина Россия иқтисодиёти ўсишга сабаб бўлган ресурслар тугаб битганини айтган, иқтисодиёт вазири Решетников эса мамлакат рецессия ёқасига келиб қолганини тан олган.