НАТО саммитининг асосий эътибори Доналд Трампда

12:00 | 4 дақиқада ўқилади.

2025 йилдаги НАТО саммитида 32 давлат раҳбари иштирок этади, аммо эътибор марказида АҚШ президенти Доналд Трамп бўлади. Унинг талаблари нафақат кун тартибини, балки иттифоқнинг бирдамлигини ҳам шакллантирмоқда.

12

Келаси ҳафта Ҳаага шаҳрида бўлиб ўтадиган НАТО саммитида ташкилот бош котиби Марк Рютте асосий эътиборни АҚШ президенти Доналд Трампни рози қилишга қаратади. Саммитда мудофаа харажатларини ошириш асосий мавзулардан бири бўлади, бу эса Трампнинг доимий талабларидан ҳисобланади.

Унинг илк президентлик муддатидаёқ Европа давлатларини етарлича сарф-харажат қилмаётганликда танқид қилиб, АҚШ «катта миқдорда пул берган» деб баёнот берган эди. Унинг талабларига жавобан, баъзи Европа давлатлари мудофаа харажатларини ЯИМнинг 5 фоизи даражасигача кўтаришга ҳаракат қилмоқда.

Саммитга 32 давлат раҳбари ва ўнлаб ҳамкор мамлакатлар вакиллари таклиф этилган. Унинг асосий муҳокамалари уч соатдан ошмаслиги, якуний баёнот эса беш банддан иборат бўлиши режалаштирилган. Бу, кўпчилик фикрича, Трампнинг узоқ йиғилишларга бўлган муносабати билан боғлиқ.

Шу билан бирга, саммитда Россия ва Украина ўртасидаги урушга оид муҳокамалар чекланган. Бу масала АҚШ ва Европа ўртасидаги асосий зиддиятлардан бирига айланган. Трамп Украина хавфсизлигини НАТО учун устувор деб ҳисобламайди.

Марк Рютте айни пайтда Россия томонидан келаётган хавф ҳақида огоҳлантириб, НАТО 5 йил ичида Россия томонидан ҳужумга учраши мумкинлигини билдирган. Унинг сўзларига кўра, НАТО ўзининг шарқий қанотини ҳимоя қилиш учун минглаб танклар, зирҳли техникалар ва миллионлаб артиллерия ўқларига муҳтож.

Германия, Швеция ва бошқа давлатлар армия сонини ошириш режаларини эълон қилган. Бироқ аксар давлатлар ҳозирча ўз мажбуриятларини тўлиқ бажара олмаяпти.

Ушбу саммит Рютте учун бош котиб сифатидаги илк йирик синов ҳисобланади. Аммо Трампнинг иттифоқчилар билан қарама-қаршиликлари сабаб, саммит режага мувофиқ ўтади, деб ишонч билан айтиш қийин.