Сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик илмий-тадқиқот институти олимлари қовун етиштириш соҳасида кенг қамровли селекция ишларини амалга оширмоқда. Тадқиқотлар замонавий ёндашувлар, инновацион технологиялар ва чуқур таҳлилларга асосланган, деб хабар беради Қишлоқ хўжалиги вазирлиги.
Изланишлар доирасида 30 дан ортиқ маҳаллий ва халқаро генетик коллекциялар, шунингдек, 10 га яқин селекцион линия ва дурагайлар ўрганилмоқда. Олимлар улардан иқлимга мослиги, ҳосилдорлиги ва бозорбоплик даражаси юқори бўлган намуна асосида янги навлар яратишмоқда.
Иссиқхонада қовун етиштириш нафақат ердан самарали фойдаланиш, балки ҳосилдорликни икки баравар ошириш имконини ҳам беради. Бир гектар майдонга 10–12 минг кўчат жойлаштириш мумкин бўлиб, бу ҳар гектардан 60 тоннагача сифатли ҳосил олиш имконини беради.
Агар суғориш, ўғитлаш ва касалликларга қарши чоралар ўз вақтида амалга оширилса, ҳосил сифати янада ошади. Бу жараён орқали аҳолини мавсумдан ташқари вақтларда ҳам фойдали полиз маҳсулотлари билан таъминлаш мақсад қилинган.
Эрта пишадиган ва иссиқхонада етиштирилган қовунлар ички бозорда рақобатбардош ҳисобланиб, экспорт учун ҳам катта салоҳиятга эга. Бу эса қовунчиликни юқори даромадли ва барқарор тармоққа айлантириши мумкин.