Украинада Россиянинг ёзги ҳужуми бошланган заҳоти депсиниб қолди — Эстония разведкаси

15:30 | 3 дақиқада ўқилади.

Эстония ҳарбий разведкасига кўра, Россия армиясининг Украина шарқидаги ёзги ҳужуми стратегик муваффақиятларга эришолмасдан, йирик йўқотишлар ортидан тактик даражадаги маҳаллий тўқнашувларга айланган. Россия фуқаролик объектларига ҳаво зарбаларини кўпайтирмоқда.

Rf troops

Эстония Мудофаа кучлари разведка маркази раҳбари полковник Антс Кивиселгнинг билдиришича, Россиянинг икки ойдан бери давом этаётган «катта ёзги илдамлаши» Украина шарқида кўзга кўринарли натижалар бермаяпти. Унинг сўзларига кўра, Украина Қуролли Кучларининг кучли мудофааси Россия армиясини олдинга силжишдан тўхтатган ва бу уруш маҳаллий, тактик даражадаги жангларга айланган.

Кивиселгнинг таъкидлашича, Россия ҳар куни ўртача 150–160 марта штурм уринишини амалга оширмоқда, аммо фронт чизиғида сезиларли ўзгариш йўқ. Асосий зарбалар Донецк областидаги Покровск йўналишига қаратилаётгани маълум қилинди — бу ерда барча жангларининг ярмидан кўпи содир бўлмоқда.

Суми областидаги вазият ҳақида гапирган Кивиселг Россиянинг бу ердаги ҳужумлари Украина армиясининг фаол мудофааси сабаб тўхтаб қолганини қайд этди. Гарчи аввал Россия маъмурий ютуққа эришган бўлса-да, ҳозирда ҳужумлар амалда тўхтаган.

Эстония разведкаси маълумотига кўра, Россия ўз стратегик мақсадларидан воз кечмаган, бироқ Украина армияси босимни самарали тарзда назорат қилиб, душманнинг кенг кўламли ҳужумларининг олдини оляпти. Бу Россиянинг ҳеч бир фронтда сезиларли проривга эришолмаётганини кўрсатмоқда.

Шу билан бирга, Кивисельг Россия томонидан тинч аҳолига қарши ҳаво зарбалари сони кескин ошганини ҳам алоҳида таъкидлади. Илгари бундай ҳолатлар алоҳида мисоллар бўлган бўлса, ҳозир бу тактикага айланди.

«Бу шундан далолат берадики, Россия фронтдаги муваффақиятсизликни фуқаролик объектларига ҳужум қилиб, аҳолига психологик босим ўтказиш орқали қопламоқчи», — деди у.