Ўзбекистонда туризм ва халқаро имижни ривожлантириш доирасида Ташқи ишлар вазирлиги ҳамда Туризм қўмитаси хорижий киногуруҳлар учун мамлакатни очиш бўйича фаол ишлар олиб бормоқда. Шу саъй-ҳаракатлар натижасида Ўзбекистонга икки карра Эмми мукофоти совриндори, Next Field International компаниясининг ижрочи продюсери Роберт Мора ташриф буюрди.
Роберт Мора Самарқанд, Бухоро ва Хивани зиёрат қилар экан, Ҳолливуд киносаноатида ушбу шаҳарлар ҳақида деярли ҳеч ким билмаслигини очиқ айтди. Унинг таъкидлашича, Ўзбекистон тарихий, маданий ва визуал жиҳатдан улкан салоҳиятга эга ва буни халқаро экранларга олиб чиқиш зарур.
Ташриф доирасида Роберт Мора Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Аҳрор Бурҳонов билан учрашди. Учрашувда ҳужжатли ва бадиий фильмлар ишлаш, шунингдек, бу жараёнга Ҳолливуд студияларини жалб этиш масалалари муҳокама қилинди. Ушбу йўналишда аниқ келишувларга эришилгани маълум қилинди.
Аҳрор Бурханов таъкидлаганидек, Ўзбекистоннинг бой тарихи, жаҳон цивилизациясидаги ўзига хос ўрни ва бугунги кундаги жадал ривожланиши халқаро аудитория учун катта қизиқиш уйғотмоқда. Роберт Мора ҳам ушбу салоҳиятдан самарали фойдаланиш ниятида эканини маълум қилган.
Ташриф якунларига кўра, Ўзбекистонда халқаро миқёсдаги фильмлар суратга олиниши бўйича режалар белгиланди. Бу саъй-ҳаракатлар мамлакат брендини дунёга танитишда муҳим қадам бўлади.