Ўзекистон кўчаларига 700 мингдан ортиқ ёритиш ускуналари ўрнатилган

18:00 | 3 дақиқада ўқилади.

Миллий статистика қўмитаси маълумотига кўра, 2025 йил бошига қадар Ўзбекистон кўчаларида 700,2 мингта ёритиш ускуналари фаолият юритмоқда. Бу ўтган йилга нисбатан 2,3 фоизга кўпроқ.

Street lighrs

Ўзбекистондаги кўчалар 700,2 минг дона ёритиш ускуналари орқали ёритилаётгани маълум қилинди. Бу ҳақда Миллий статистика қўмитаси 2025 йил 1 январ ҳолатига берган ҳисоботида қайд этилган. Маълумотларга кўра, ушбу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 2,3 фоизга ёки 15,8 мингтага ошган.

Республиканинг энг кўп ёритиш ускуналари ўрнатилган ҳудуди Тошкент шаҳри ҳисобланади — 153,7 мингта. Ундан кейинги ўринларда Қорақалпоғистон Республикаси (66,6 мингта), Фарғона вилояти (65,7 мингта), Наманган вилояти (52,9 мингта), Андижон вилояти (52,5 мингта) ва Самарқанд вилояти (51,3 мингта) турибди.

Ушбу натижалар шаҳар ва туманлар инфратузилмасини яхшилаш, жамоат хавфсизлигини ошириш ҳамда қулай яшаш муҳитини таъминлашда олиб борилаётган ишлар самараси сифатида баҳоланмоқда. Айниқса, аҳоли зич жойлашган ҳудудларда кўчаларнинг ёритилиши кечки вақтда юриш хавфсизлигини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга.

Шу билан бирга, Президент раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида марказий ва ички кўчаларни ёритишдаги исрофгарчиликни камайтиришга қаратилган махсус дастур ишлаб чиқилиши белгиланган. Бу йўналишда энергетик самарадорлик ва харажатларни оптималлаштириш масалаларига эътибор қаратилмоқда.

Келгусида замонавий, кам энергия сарфлайдиган технологияларни жорий этиш орқали нафақат ёритиш сифатини яхшилаш, балки бюджет маблағларини тежаш ҳам кўзда тутилган.