АҚШнинг Эрондаги учта асосий ядровий иншоот — Фўрду, Натанз ва Исфаҳон объектларига берган ҳаво зарбаларидан сўнг, Эрон Исроилга қарши ракеталар билан жавоб қайтарди. Исроил мудофаа армияси ЦАҲАЛ маълум қилишича, Эрон ҳудудидан тахминан 40 та ракета отилган.
Al Jazeera телеканали хабарига кўра, ракета ва уларнинг парчалари Исроилнинг Кармел тоғ маскани, Ҳайфа шаҳри ва Катта Тел Авив ҳудудида камида ўнта жойга тушган. Айни пайтда Исроил ҳаво ҳужумидан ҳимоя тизимлари ракеталарни йўлдаёқ аниқлаб, йўқ қилиш устида иш олиб борган.
Эрон томони ҳужумни АҚШнинг ядровий марказларга қаратилган амалиётига жавоб сифатида баҳолади. Президент Доналд Трамп ушбу зарбаларни «тарихий воқеа» деб атаб, бу АҚШ, Исроил ва бутун дунё учун хавфсизлик мустаҳкамлашга қаратилган қадам эканини таъкидлади.
Трампнинг таъкидлашича, Эроннинг асосий ядровий объектлари «бутунлай йўқ қилинган», аммо мамлакат ҳудудида яна кўплаб нишонлар бор. У Эронни «терроризмнинг бош ҳомийси» деб атаб, ядровий таҳдидни бартараф этишни асосий мақсад сифатида кўрсатди.
Эрон расмийлари эса ўз навбатида ядровий объектлардан бойитилган уран захиралари аввалдан эвакуация қилинганини маълум қилди. Эроннинг Атом энергияси ташкилоти бу ҳужумни халқаро ҳуқуқ бузилиши сифатида баҳолади ва ядровий дастур фақат тинч мақсадларни кўзлашини қайд этди.
Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчий АҚШ ҳаракатлари БМТ устави ва халқаро ҳуқуқ нормаларига зид эканини билдирди. Унинг таъкидлашича, Теҳрон ўз манфаатларини ҳимоя қилиш учун барча имкониятлардан фойдаланиш ҳуқуқини сақлаб қолади.
Айни пайтда Эрон БМТ Хавфсизлик кенгашидан фавқулодда йиғилиш чақиришни талаб қилди.