21 июн куни Ўзбекистон инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов Хитойнинг Эксимбанки раиси Чен Ҳуайюй билан учрашиб, қатор истиқболли лойиҳаларни муҳокама қилди. Учрашув якунида телекоммуникация соҳаси ривожи учун 500 млн долларлик қарз шартномаси имзоланди.
Ҳужжатда кредит олувчи томон сифатида Ўзбекистоннинг айнан қайси компанияси иштирок этаётгани очиқланмаган. Учрашувда рақамли технологиялар вазирининг биринчи ўринбосари Олег Пекос ва ИССВ вазири ўринбосари Шоҳрух Ғуломов ҳам қатнашди.
Шунингдек, 20 июн куни транспорт вазирининг ўринбосари Илҳомжон Абдуғафоров Эксимбанк раҳбарлари билан Тошкент–Самарқанд ва Тошкент–Андижон йўналишларида пулли автомобил йўллари қурилиши, алоҳида юқори тезликдаги темирйўл ва жамоат транспортини ривожлантириш лойиҳаларини муҳокама қилди.
Ўзбекистон тарафи электробуслар хариди бўйича «Ўзсаноатқурилишбанк» ва Эксимбанк ўртасида 200 та электробус хариди учун келишувни тезлаштириш, шунингдек, яна 1000 та метан ёнилғисида ҳаракатланувчи автобусни харид қилиш режаларини ҳам муҳокама қилган.
Апрел ойида ҳам Тошкент учун 200 та электробус харидини молиялаштириш бўйича музокаралар олиб борилган, ҳозирда эса Нукус ва вилоят марказлари учун 1000 та метан автобус етказиб бериш имконияти кўриб чиқилмоқда.
Маълумотларга кўра, 2002 йилдан буён Хитой Эксимбанки билан ҳамкорликда 3,2 млрд долларлик 51 лойиҳа амалга оширилган. Ҳозирда 1,9 млрд долларлик 2 лойиҳа ижроси кетмоқда, қўшимча равишда яна 2,2 млрд долларлик 13 янги лойиҳа муҳокама қилинмоқда. Улар соғлиқни сақлаш, таълим, қишлоқ хўжалиги, транспорт ва инфратузилма соҳаларини қамраб олади.