Ўзбекистон Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси акция ва чегирмаларни тартибга солишга қаратилган янги ҳужжат лойиҳасини жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилди. Унга кўра, айрим маҳсулотлар учун чегирмаларни тақиқлаш ва бошқа товарлар учун чегирма шартларини қатъий белгилаш назарда тутилган.
Лойиҳада алкогол, пиво, вино, тамаки маҳсулотлари ва никотин истеъмоли ускуналарига нисбатан ҳар қандай чегирма ёки акцияни қўллаш тақиқланиши белгиланган. Бу саломатликка хавф туғдирувчи маҳсулотларни оммалаштирмаслик мақсадида амалга оширилмоқда.
Шунингдек, ҳужжатда ҳар қандай чегирма фақат ўша маҳсулотнинг сўнгги 30 кундаги энг паст нархига нисбатан ҳисобланиши мумкинлиги қайд этилган. Агар сотувчи аввалги нархни кўрсатмаса, унда чегирма деб эълон қилишга ҳақли бўлмайди.
Рақобат қўмитаси шрифтлар масаласини ҳам тартибга солмоқчи: арзонлаштирилган нарх рекламаларда асосий нархга нисбатан катта шрифт билан ёзилмаслиги керак. Бу истеъмолчини чалғитмаслик мақсадида жорий этилмоқда.
Энг муҳими, сунъий нарх оширилиб, сўнг арзонлаштирилгандек кўрсатиш — яъни сохта чегирмалар эълон қилиш мутлақо тақиқланади. Бу орқали бозорда соғлом рақобатни таъминлаш ва истеъмолчининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсад қилинган.
Янги регламент ҳозирда муҳокамада бўлиб, жамоатчилик ва тадбиркорлардан таклифлар қабул қилинмоқда. Қабул қилиниши мумкин бўлган мазкур қарор электрон савдо майдонлари, дўконлар ва маркетинг компаниялари фаолиятига ҳам бевосита таъсир кўрсатади.