АҚШ алал-оқибат Исроилнинг Эронга қарши ҳарбий амалиётига қўшилди ва Натанз, Исфаҳон ҳамда Фўрду шаҳарларидаги ядровий объектларга зарба берди. Шу тариқа, Доналд Трамп ўзининг президентлик фаолиятида илк бор ҳал қилувчи ҳарбий қарор қабул қилди ва уни амалга оширди.
Маълумотларга кўра, операция чоғида АҚШ ҳарбийлари 30 та «Томаҳавк» ракетаси ҳамда B-2 Spirit бомбардимончи учоқларини воситасида бункерларни ёришга мўлжалланган 6 та GBU-57 турдаги авиабомбаларни ишга солган. Фўрду ядровий объекти ер остида жойлашгани боис, унга зарба бериш Исроил учун мушкул бўлган эди.
Бу зарбаларнинг геосиёсий оқибатлари икки муҳим натижа билан изоҳланади. Биринчидан, Трамп энди «чўчиб қоладиган» эмас, балки амалий ҳаракат қиладиган раҳбар сифатида намоён бўлди. Иккинчидан, Владимир Путин бу жараёнда воситачилик мақомини йўқотмоқда.
Бундан аввал Трамп Эрон ядровий дастури бўйича Путин билан келишув эвазига Украина бўйича маълум устуворликлар олишга интилаётган эди. Энди эса Эрон масаласи тенгламадан чиқарилгани боис, Трамп Кремлдан бу йўналишда ёрдам сўраш эҳтиёжидан халос бўлди.
Шунинг учун ҳам, кейинги муносабатларда Трамп Россияга нисбатан «эркинроқ» сиёсат юритиши мумкин. Чунки у энди Путин билан мунтазам алоқа қилиш ва у орқали Эрон муаммосини ҳал қилишга зарурият йўқ.
Шу билан бирга, Эрон ядровий инфратузилмасини тўлиқ йўқ қилишга эришилмаса ва зарбалар чўзилиб кетса, Трамп яна Путинга мурожаат этиши эҳтимоли ҳам бор. Бу эса жараённинг яна бошқа йўналишга бурилишига олиб келиши мумкин.
Ҳарҳолда, ҳозирча Трампнинг қўлида янги геосиёсий «қарта»лар пайдо бўлгани аниқ. Энди эса савол: у улардан фойдаланадими ёки йўқ?