Ҳужумдан аввалги бир ярим ҳафта мобайнида Теҳрон юқори даражадаги жанговор тайёргарлик ҳолатида эди. Бироқ Вашингтон ва Тел Авив Эрон раҳбариятида АҚШнинг ядровий объектларга ҳужумда иштирок этиш хавфи йўқдек тасаввур уйғотиш учун бор кучи билан ҳаракат қилди. Ёки, камида, Теҳроннинг «ҳали фурсат бор», деган ишончда қолишига интилишди.
Ҳужум арафасида оммавий ахборот воситаларида Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу ва Доналд Трамп маъмурияти вакиллари ўртасидаги «кескин» суҳбат ҳақида, операция вақтини белгилаш борасидаги «келишмовчилик» ҳақида ғалати «сиздирмалар» пайдо бўлди.
Ўзининг иҳоталаниш (изоляционистик) сиёсати билан танилган сиёсатчи, АҚШ вице-президенти Жей Ди Вэнс тўсатдан Исроилни АҚШни Эрон билан урушга тортиб киритишда айблай бошлади. Гўёки Оқ уй бу урушдан қочишни истаётгандек. Бу сўзлар Американинг етакчи нашрлари томонидан ёйилди ва табиийки, эронлик таҳлилчилар ҳам уни ўқишиди.
Қисқаси, Атлантика ортидан келаётган хабарлар бир фикрни илгари сурарди: ҳужум уюштириладиган бўлса ҳам, бу тез орада содир бўлмайди.
Бу орада, АҚШ ҳарбий қўмондонлиги янада нозик ўйинга киришди. Узоқ масофага учиш ва махфий ҳаракатланиши билан танилган самолётлар — стратегик B-2 бомбардимончилари намойишкорона тарзда Тинч океани томон — Эрон объектларидан 6500 километр узоқда жойлашган Гуам оролига қараб йўл олди.
Улар йўналишини OSINT-комюнити (очиқ манбалардаги маълумотлар орқали разведка олиб борувчи фуқаролик таҳлилчилари) вакиллари — юзлаб кузатувчилар назорат қиларди. Уларнинг кузатиши учун сигналлар ҳам очиб берилган эди: агар самолётлар ғарбга учаётган бўлса, демак Эронга ҳужум кутилмаяпти.
Бироқ айни шу пайтда АҚШнинг Миссури штатидаги ҳарбий-ҳаво базасидан бошқа бомбардимончилар деярли кўзга ташланмасдан Яқин Шарқ томон парвоз қилди. Бу парвозлар оммавий тармоқларда ёритилмади, очиқ алоқа каналларида ҳеч қандай мулоқот кузатилмади — самолётлар тўлиқ сукут ичида улар шарқ томон йўл олди. Учоқлар 36 соатлик парвоздан сўнг шов-шувли ҳужумни амалга оширди. Ҳар бир самолёт 12 тадан бетон ёришга мўлжалланган бомба олиб учган бўлиб, улар мустаҳкам ерости иншоотларини йўқ қилиш учун мўлжалланган эди. Кўп ўтмай Фўрду осмонида тутун осмонга ўрлай бошлади.
OSINT-комюнити вакилларидан бири Дэвид Лисовец кейинчалик шундай деб тан олди:
«Мен АҚШ ҳарбий-ҳаво кучларининг таъсир операцияси таркибига кирганимни билмасдим. Бизнинг барча радарларимиз ва диққатимиз ғарб томон учаётган самолётларга қаратиб қўйилганди. АҚШ ҳарбий-ҳаво кучларига олқиш — улар бизнинг жамоани рақибни чалғитишда самарали восита сифатида ишлатишга муваффақ бўлишди», — деди у.
Шу билан бирга, АҚШ президенти Доналд Трамп ҳам операцияни очиқ майдонда қўллаб-қувватларди: у мутлақо ноаниқ баёнотлар берар, ҳужум бўлиши эҳтимолига оид тўғридан тўғри саволлардан эҳтиёт қилиб қочар, фақат «режа муҳокама қилинмоқда» ёки «қарор икки ҳафта ичида қабул қилинади», каби мужмал жумлалар билан чекланарди.
Аслида, Трамп айнан Эронга уқтирилмоқчи бўлган стратегик ноаниқлик муҳитини омма орқали узатарди.
Бу чалғитиш қандай даражада муваффақиятли бўлгани аниқ эмас. Теҳрондан келаётган хабарларга кўра, Фўрдудаги объектдан бир қисм бойитилган уран олдинроқ бошқа жойга кўчирилган бўлган, ҳамда сунъий йўлдош суратлари ҳужумдан бир неча кун олдин объектда фаол ҳаракат қайд этган.
Бироқ бомбардимондан келиб чиққан зарар миқёси ва унга жавоб тариқасида дарҳол ҳеч қандай ҳужум амалга оширилмаганини ҳисобга олсак, Теҳрон, барча огоҳликка қарамай, айнан шу пайтда ҳужумга тайёр бўлмаган бўлиши мумкин.
Масофа ҳақидаги иллюзия, сунъий сиёсий келишмовчилик, «нотўғри йўналиш олган» самолётларнинг очиқ парвозлари, журналистлар саволларига аниқ жавоблар берилмаслиги — буларнинг барчаси аниқ режалаштирилган операциянинг бир бўлаги бўлган.
Бу эса шундан далолат берадики, замонавий урушда нафақат аниқ ўқ узувчи, балки рақибни боплаб адаштирувчи томон ҳам ғолиб чиқади.