БМТ Хавфсизлик Кенгаши Эрон бўйича фавқулодда йиғилиш ўтказди

23.06.2025 10:20 | 2 дақиқада ўқилади.

АҚШнинг Эронга қарши амалга оширган зарбалари ортидан БМТ Хавфсизлик Кенгаши фавқулодда йиғилиш ўтказди. Йиғилишда иштирок этган Буюк Британия ва МАГАТЭ вакиллари ҳарбий кескинлик ўрнига дипломатик ечимга чақириқ йўллашди.

Bmt

Буюк Британиянинг БМТдаги элчиси Барбара Вудворд мамлакатнинг бу зарбаларида иштирок этмаганини маълум қилди. Унинг таъкидлашича, Британия учун асосий устуворлик — вазиятни кескинлаштирмасдан, деэскалацияни қўллаб-қувватлаш ҳисобланади.

Вудворд Эроннинг ядровий дастури халқаро хавфсизлик учун жиддий таҳдид эканини таъкидлаб, ҳарбий ечимлар билан муаммони бартараф этиб бўлмаслигини билдирди. У барча томонларни музокаралар столига қайтишга чақирди.

Йиғилишда Атом энергияси бўйича халқаро агентлик раҳбари Рафаэл Гросси ҳам сўзга чиқди. У ҳали дипломатик ечим учун имкониятлар мавжудлигини айтиб, бу “имкониятлар ойнаси”ни ёпмаслик зарурлигини таъкидлади. Акс ҳолда, у зўравонлик авж олиши ва ядровий қуролларни тарқатмаслик тизими қулаши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди.

АҚШ президенти Дональд Трамп эса “Truth Social”даги чиқишида Эрондаги ядровий иншоотларга кучли зарбалар берилганини маълум қилди. Унинг айтишича, Б-2 бомбардимончи самолётлари Миссури штатидаги базасига қайтган.

Маълумот учун, 22 июн куни АҚШ Эроннинг бир қатор объектларига ҳаво зарбалари берган эди.