ЦАҲАЛ (Исроил мудофаа армияси) душанба куни Эроннинг ғарб, шарқ ва марказий ҳудудларида жойлашган камида олти ҳарбий аэродромга ҳаво зарбасини амалга оширди. Армия матбуот хизмати маълумотига кўра, ҳужум натижасида учиш-қўниш йўлаклари, самолётлар учун мўлжалланган ерости ангарлари, ёнилғи қуйиш самолёти ва турли моделдаги учувчи техника — жумладан, F-14, F-5 ва AH-1 каби самолётлар йўқ қилинган.
Хабарларга кўра, жами 15 та самолёт ва вертолёт Исроил дронлари томонидан нишонга олиниб, бутунлай йўқ қилинди.
ЦАҲАЛ бу ҳарбий техникалар Исроил ҳарбий ҳаво кучларига қарши қўлланилиши мумкин бўлган асосий хавф манбаи эканини таъкидлади.
Шу билан бирга, Исроил ҳаво кучлари Эроннинг Кирмоншоҳ шаҳри атрофида жойлашган ва Исроил томон йўналтирилган «ер-ер» ракета тизимлари ва уларнинг омборларига ҳам зарба берди. Ҳужумда 15 та Исроил ҳарбий самолёти иштирок этган.
ЦАҲАЛ маълумотига кўра, бу амаллар Исроил хавфсизлигини таъминлаш ва Эрон ҳарбий салоҳиятини чеклаш мақсадида амалга оширилмоқда. Армия Исроилнинг ҳаводаги устунлигини сақлаб қолиш ва эҳтимолий таҳдидларга қарши курашишни давом эттиришини билдирди.