2026 йил 1 январдан бошлаб Ўзбекистонда барча давлат хизматчилари учун ягона маош тизими жорий этилади. Янги тартибга кўра, бир хил малака ва лавозимдаги ходимлар, қайси идорада ишлашидан қатъи назар, бир хил ойлик олади.
Масалан, икки хил вазирликда ишлаётган, тажрибаси ва вазифаси тенг бўлган етакчи мутахассислар учун иш ҳақи фарқ қилмайди. Бу тизим давлат хизматчиларининг ойликларидаги номутаносибликни бартараф этиш, ташкилотлар ўртасида кадрлар оқимини камайтириш ва соҳага барқарорлик олиб киришни мақсад қилган.
Мазкур ўзгариш давлат фуқаролик хизмати тизимини тубдан ислоҳ қилишга қаратилган ПФ-95-сонли Президент Фармонига мувофиқ амалга оширилади. Тегишли механизм ва ҳисоб-китоблар 2025 йил 1 ноябргача ишлаб чиқилиши ва Президентга тақдим этилиши лозим.
Мутахассисларнинг фикрича, ушбу ёндашув иш ҳақи бўйича адолатли тизимни шакллантириш, давлат хизматининг жозибадорлигини ошириш ва кадрлар сифатини яхшилашга хизмат қилади.