Трамп Европа интернетини ўчириши мумкин – Politico

23.06.2025 18:45 | 3 дақиқада ўқилади.

Politico таҳлилига кўра, АҚШ маъмурияти Европа интернет инфратузилмасини чеклаши эҳтимоли бор, чунки ЕИ америкалик булут хизматларига қаттиқ боғланган.

European traffic

Politico нашри ёзишича, Дональд Трамп маъмурияти Европага нисбатан қўллаши мумкин бўлган босим воситаларидан бири сифатида интернетни ўчириш эҳтимолини ҳам кўриб чиқмоқда. Бу, биринчи навбатда, Европа мамлакатларининг америкалик технологик гигантларга – Amazon, Microsoft ва Google’га тўлиқ боғлангани билан изоҳланмоқда.

Ҳозирда мазкур учта компания Европа булут хизматлари бозорининг қарийб икки учдан бир қисмини назорат қилмоқда. Электрон почта, видео платформалар ва давлат алоқалари каби муҳим тизимлар айнан шу хизматларга суянган. Бу эса, Politico таъкидлашича, Европани АҚШ сиёсатига нисбатан заиф ҳолатга келтирмоқда.

Zak Myers (CERRE таҳлил маркази раҳбари)нинг сўзларига кўра, Трамп ЕИни Америка манфаатларига қарши ҳаракат қилувчи тизим деб билади. Унинг қайд этишича, “бундан олти ой аввал мутлақ эҳтимолсиз деб ҳисобланган чоралар бугунги геосиёсий вазиятда ҳақиқий таҳдидга айланди”.

Европа бу хатарга қарши ўз рақамли инфратузилмасини яратиш ҳаракатларини бошлади. EuroStack ташаббуси доирасида Европа давлатлари IT соҳасида мустақилликка эришишни мақсад қилмоқда. Бу лойиҳага 300 миллиард евро атрофида маблағ ажратилиши режалаштирилган ва у Европа парламенти ҳамда қатор давлатлар томонидан қўллаб-қувватланган.

Шу билан бирга, Amazon, Microsoft ва Google ўз мижозларига хизматларни узлуксиз кўрсатишга интилаётганини маълум қилмоқда. Бироқ таҳлилчилар, хусусан UCL профессори Kristina Kaffarra, бу компаниялар сиёсий босим остида мустақил ҳаракат қила оладими, деган саволни қўймоқда.