АҚШ махсус хизматлари ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар мамлакат ичида «Ҳизбуллоҳ» гуруҳи билан алоқадор ёки шубҳа остидаги шахсларни текширишни бошлади. Бу ҳақда “Анадолу” агентлиги маълум қилди.
Маълумотларга кўра, бу шахсларга нисбатан ҳозирча очиқ таҳдидлар қилинмаяпти. Аммо вазият АҚШ президенти Дональд Трампнинг Эронга қарши ҳарбий ҳаракатлари ва Исроилнинг Эрон етакчиларини нишонга олиши мумкинлиги ҳақидаги баёнотлари ортидан юзага келган. Эрон олий раҳбари Оятуллоҳ Али Хоманаий ҳам яқинда матбуотда АҚШ ва Исроилга қарши огоҳлантирувлар билан чиққан.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар вакилларига кўра, асосий хавф Америка ҳарбий базалари ва минтақавий манфаатлар билан боғлиқ. Бироқ мамлакат ҳудудида юзага келиши мумкин бўлган таҳдидларга нисбатан ҳам жиддий чоралар кўрилмоқда.
АҚШ Адлия вазирлиги 2024 йили Трампга суиқасд уюштирганларни ҳибсга олиш қарори ҳақида эълон қилган эди. Шунингдек, Эрон ҳомийлигидаги хакерлар Трампнинг сайловолди кампаниясига киберҳужумлар уюштирганликда айбланиб, бундай ҳаракатлар эҳтимолий «қасос воситаси» сифатида баҳоланган. Федерал қидирув бюроси Эрон билан алоқадорликда гумон қилинган гуруҳларни мунтазам равишда кузатмоқда.
«Ҳизбуллоҳ» етакчиси Наим Косим 19 июнь куни Эрон ва Исроил ўртасида давом этаётган урушга муносабатан, унинг гуруҳи “ўзи билганидек ҳаракат қилишини” маълум қилган. Унинг сўзларига кўра, «Ҳизбуллоҳ» бу зиддиятда бетараф эмас ва «Исроил-АҚШ тажовузи олдида ўз хоҳишига кўра жавоб беради».
Худди шу куни АҚШнинг Сурия бўйича махсус вакили Том Барак «Ҳизбуллоҳ»ни Эрон ва Исроил ўртасидаги урушга аралашмаслик ҳақида огоҳлантирган.