Юлий Юсупов: «Сўм мустаҳкамланаётгани йўқ, долларнинг қурби пасаймоқда»

23.06.2025 16:00 | 3 дақиқада ўқилади.

Иқтисодчи Юлий Юсупов сўмнинг сўнгги пайтлардаги ҳаракати ҳақида изоҳ берди. Унинг таъкидлашича, бу ҳолатни валюта мустаҳкамланиши сифатида баҳолаш нотўғри. Чунки сўмнинг қадри ортмаяпти, балки долларнинг халқаро миқёсда заифлашуви кузатилмоқда.

Yuliy yusuhov

Ўзбекистонлик иқтисодчи Юлий Юсупов сўм курсидаги сўнгги ўзгаришлар юзасидан фикр билдириб, «ҳеч қандай мустаҳкамланиш йўқ»лигини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, сўм долларга нисбатан фақат 3,3 фоизга ошиб, евро, рубл, фунт ва йенага нисбатан эса тушиб бормоқда.

«Масалан, 2025 йил бошидан бери сўм еврога нисбатан 7,2 фоизга, рублга нисбатан 22,4 фоизга ва фунт-стерлингга нисбатан 4,2 фоизга қадрсизланган. Бу эса сўмнинг реал қийматида мустаҳкамланиш эмас, балки инфляция даражасида девалвацияни кўрсатади», деб ёзади иқтисодчи.

Юсуповнинг таъкидлашича, Ўзбекистоннинг асосий савдо ҳамкорлари — АҚШ эмас, балки Хитой, Россия ва Европа бўлгани учун сўмнинг долларга нисбатан бироз ошиб бориши амалда унинг умумий қийматини кўтармаган.

У сўнгги йилларда сўмнинг реал қийматида ортиқча мустаҳкамланиши маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга салбий таъсир кўрсатганини эслатди. Бу эса экспорт учун рақобатбардошликни пасайтиради.

Шу билан бирга, сўмнинг ёниб қолмаслигини таъминловчи омил сифатида мамлакатнинг олтин сотиш ҳажмининг ошиши ва жаҳон бозорида олтин нархи кўтарилаётгани келтирилди.

Юсупов фикрига кўра, долларнинг тушишига эса Доналд Трампнинг сиёсий баёнотлари, тариф сиёсати ва Федерал захира тизими раҳбариятини оммавий танқид қилиши сабаб бўлмоқда. АҚШ иқтисодиётига ва долларга бўлган ишонч пасайган, инвесторлар эса ҳозирги ҳукуматга ишончсизлик билан қарай бошлаган.