Тошкентда «Poytaxt Parking» — пулли автотураргоҳлар учун илова ишга туширилди

23.06.2025 20:45 | 3 дақиқада ўқилади.

Пойтахтда йўл бўйларидаги пулли автотураргоҳлар учун тўловларни амалга ошириш имконини берувчи махсус мобил илова иш бошлади. Бу сервис шаҳар транспорт инфратузилмасини рақамлаштириш ва тўхташ жойларини самарали бошқаришга қаратилган.

Poytaxt parking

«Poytaxt Parking» иловаси Promobility томонидан ишлаб чиқилди ва ҳозирда App Store ҳамда Google Play’да мавжуд. Иловани юклаб олишлар сони 5 мингдан ошган. Ушбу сервис Streetpark Systems оператори билан ҳамкорликда ишга туширилди ва асосий тўлов воситаси ҳисобланади.

Дастлаб 8 май куни 6 та кўчада — жумладан, Мустақиллик, Мирообод, Истиқбол ва Шаҳрисабз кўчаларида — автотураргоҳлар фаолияти бошланди. Ҳозирда уларнинг сони 11 та марказий кўчада фаолият юритмоқда. Июль ойи охиригача 86 та кўчада 13 208 та тўхташ жойи ишга туширилиши кутилмоқда.

Тўловларни Click, Payme, Uzum Bank, Octobank ва Paynet орқали амалга ошириш мумкин. Яқин келажакда пуллик тўлов учун махсус терминаллар ўрнатилиши режалаштирилган. Иловада автотураргоҳ нархи 5 мингдан 12 минг сўмгача белгиланган бўлиб, бу тариф зонасига қараб фарқ қилади.

“Poytaxt Parking” дастури ўзбек, рус ва инглиз тилларида фаолият юритади. Унда тўхташ сессияси муддатини белгилаб, автоматик равишда нархни ҳисоблаш имкони бор.

2024 йил октябрида Тошкент шаҳар ҳокими Шавкат Умурзоқов томонидан қабул қилинган қарорга кўра, 2025 йил августгача 13,2 мингта, кейинчалик эса 84 мингта пулли автотураргоҳ жорий этилиши режалаштирилган.