Эрон илк бор Исроилга «Qadr H» баллистик ракетаси билан зарба берди

23.06.2025 21:00 | 2 дақиқада ўқилади.

Эрон Исроилга қарши амалда илк бор кўп зарядли «Qadr H» турдаги баллистик ракетадан фойдаланди. Ҳужум стратегик нишонларга аниқ ва вайронкор зарбалар беришни мақсад қилди.

Qader h

Душанба куни тонгда Эрон Исроилга қарши амалга оширган ҳужум пайтида биринчи марта кўп зарядли «Qadr H» баллистик ракетасини ишлатди. Бу ҳақда Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси (ИИҚК) вакили Имон Тожик маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, ушбу янги турдаги ракета Исроилнинг шимоли, жануби ва марказий ҳудудларида жойлашган стратегик объектларга йўналтирилган. Тожик брифинг давомида ракеталар аниқлик ва самарадорлик жиҳатидан юқори бўлганини, улар орқали нишонларга таъсирчан зарбалар берилганини таъкидлади.

Бу Эрон томонидан яҳудий давлатига қарши амалга оширилган навбатдаги зарба бўлиб, икки давлат ўртасидаги кескинлик янада ортиши мумкинлигини кўрсатади.

Шунингдек, 22 июн куни ИИҚК вакили Эроннинг Исроилга ҳужуми чоғида биринчи марта кўп зарядли «Kheibar Shekan» баллистик ракетасидан фойдалангани ҳақида хабар берган эди.