Қатар пойтахти Доҳада портлашлар овозлари эшитилмоқда. Турли манбаларнинг хабар беришича, Эрон Қўшма Штатларнинг Қатардаги Ал-Удейд ҳарбий базасига 10 та ракета учирган. Ҳужум пайтида ҳаво мудофаа тизимлари ишга тушган.
Эрон Миллий хавфсизлик кенгаши ушбу амалиётни АҚШнинг аввалроқ Эронга бомбардимон қилган ҳужумига нисбатан жавоб деб атади. Баёнотда қайд этилишича, ракета сони АҚШ ташлаган бомбалар сонига тенг равишда танланган.
«Теҳроннинг амалиёти дўст ва қардош Қатар давлати ҳамда унинг халқи учун таҳдид туғдирмайди», — дейилади расмий баёнотда. Эрон расмийлари ушбу зарбалар фақат АҚШ ҳарбийларига йўналтирилганини алоҳида таъкидлашди.
Шу орада АҚШ расмийлари Ал-Удейд базасидан барча ҳарбийлар ва техникалар бир ҳафта аввал эвакуация қилинганини маълум қилди. «Эрон бўш турган объектга зарба берди», — дейилади Оқ уйнинг расмий баёнотида.
Эроннинг ракета ҳужумлари Қатардан ташқари, Ироқдаги АҚШ базасига ҳам йўналтирилгани айтилмоқда. ОАВ маълумотларига кўра, Ироқдаги базага битта ракета учирилган. Ҳозирча жабрланганлар ҳақида расмий маълумот берилмади.