Таълим сифатини баҳолаш тизими янгиланади, сиртқи бўлимлар тугатилади

07.05.2025 15:13 | 2 дақиқада ўқилади.

Ўзбекистонда таълим сифатини назорат қилиш ва баҳолашнинг янги модели жорий этилаяпти. Президентнинг фармони билан махсус агентлик ташкил этилди ва таълим хизматлари учун умуммиллий сўровномалар ўтказилади.

сиртқи

Президент Шавкат Мирзиёев 2025 йил 5 май куни таълим сифатини таъминлаш ва баҳолаш тизимини ислоҳ қилишга оид ПФ–76-сонли фармонни имзолади. Ҳужжатга мувофиқ, «Таълим сифатини таъминлаш миллий агентлиги» ташкил этилди ва у таълим ташкилотларини ташқи баҳолаш бўйича ваколатли давлат органи этиб белгиланди.

 

Агентлик ўрта махсус, касбий, олий ва таълимдан кейинги таълим ташкилотларини лицензиялаш, комплекс ва махсус аккредитациядан ўтказиш, хавф таҳлили асосида текшириш каби функцияларни амалга оширади. Унинг фаолиятини ташкил этиш тартиби ва устувор вазифалар «йўл харитаси» орқали тасдиқланган.

 

Фармонга кўра, янги таълим муассасалари фаолияти икки босқичда йўлга қўйилади. Биринчи босқичда лицензиялаш, иккинчи босқичда эса таълим дастурларини аккредитациядан ўтказиш талаб этилади.

 

Янги тизимга мувофиқ, 2025/2026 ўқув йилидан бошлаб сиртқи таълимга қабул тўхтатилади, умумий квоталар кундузги таълим натижалари билан боғлаб белгиланади. Шундан ташқари, муқобил таълим шаклидаги қабул чекловлари ҳам қатъийлаштирилади.

 

Таълим сифатини баҳолаш учун умуммиллий талабалар ва иш берувчилар сўровномалари ўтказилиши кўзда тутилган. Ҳужжат 2025 йил 6 майдан амалга кирди.