Ўзбекистон АҚШ визаси рад этилиши бўйича Марказий Осиёда пешқадам

24.06.2025 08:29 | 3 дақиқада ўқилади.

АҚШ Давлат департаментининг 2024 йилги расмий статистикасига кўра, Ўзбекистон B1/B2 турдаги визаларни рад этиш бўйича Марказий Осиёда энг юқори кўрсаткичга эга мамлакат бўлди: ҳар уч аризачидан иккиси рад жавоб олган.

Us visa

2024 фискал йили якунларига кўра, Ўзбекистон фуқаролари томонидан берилган туристик ва ишбилармонлик визалари (B1/B2) бўйича аризаларнинг 64,41 фоизи рад этилган. Бу кўрсаткич нафақат Марказий Осиёда, балки жаҳон миқёсида ҳам юқори даражада ҳисобланади.

Қиёслаш учун, Туркманистонда рад этиш даражаси 58,80 фоиз, Қозоғистонда — 46,29 фоиз, Тожикистонда — 45,24 фоиз ва Қирғизистонда — 39,14 фои зни ташкил қилган. Ўзбекистон эса бу борада минтадақада «пешқадам».

2023 йилда бу кўрсаткич 59,56 фоизни ташкил этган эди. Яъни, бир йилда рад этиш даражаси қарийб 5 фоизга ошган. Бу тенденция нафақат Ўзбекистон, балки бутун минтақа фуқаролари учун АҚШ визасини олишда мураккаблашувни кўрсатади.

Мутасаддилар таъкидлашича, бундай рад этиш ҳолатлари асосан ҳужжатлар тўлиқ эмаслиги, молиявий кафолатлар етишмаслиги ва АҚШда узоқ қолиш хавфи деб баҳоланувчи ҳолатлар билан боғлиқ бўлади. Шунингдек, интервю жараёнида консуллик ходимларини ишонтирувчи далил ва боғлиқликлар етишмаслиги ҳам муҳим омил сифатида қайд этилади.

АҚШ визалари бўйича «Adjusted refusal rate» — яъни рад этишнинг махсус ҳисобланган кўрсаткичига кўра, B1/B2 визалар учун берилган аризаларнинг фақат тасдиқ ёки рад этилган қисми ҳисобга олинади. Фискал йил деганда эса 2023 йил 1 октябридан 2024 йил 30 сентябригача бўлган давр назарда тутилади.