2025 йилнинг душанба куни Эроннинг Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси «Ғалаба хушхабари» операцияси доирасида АҚШнинг Яқин Шарқдаги энг йирик ҳарбий базаси — Қатарда жойлашган Ал Удайд базасига «муваффақиятли ва йўқ қилувчи» ракетали зарба йўллаганини эълон қилди. Ушбу база АҚШнинг Марказий қўмондонлиги учун асосий операция маркази ҳисобланади.
Қатар расмийлари ҳужум вақтида ҳеч ким жабрланмаганини маълум қилди. Мамлакатнинг ҳаво мудофаа тизими бир неча ракета ва дронларни йўлдаёқ уриб туширган. Қатар ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Мажид ал-Ансорийнинг айтишича, бу ҳужум Қатар ҳаво фазоси дахлсизлигини поймол қилган.
Пентагон ҳам ушбу ҳужумда Америка ҳарбийлари орасида қурбонлар бўлмаганини тасдиқлади. Улар Эрон томонидан ўрта ва қисқа масофали ракеталар ишлатилганини маълум қилди. Гувоҳларга кўра, портлашлар Қатар пойтахти Доҳада ҳам эшитилган.
Ал Удайд базаси Доҳа шаҳридан 30 километр жанубий-ғарбда жойлашган бўлиб, 10 мингдан ортиқ АҚШ ҳарбийлари учун мўлжалланган. База Қатарга тегишли, аммо у ерда Америка ҳарбий контингентининг асосий қисми жойлашган.
Ҳужумдан сўнг минтақа давлатлари хавфсизлик чораларини кучайтирди. Баҳрайн ва Қатар вақтинчалик авиақатновларни тўхтатди. Ироқ ва Кувайт эса ўз ҳаво кенгликларини ёпишга қарор қилди. Кувайт буни «эҳтиёт чораси» деб атади. Баҳрайнда эса ҳаво тревога сиреналари эшитилиб, аҳоли хавфсиз жойларга ўтишга чақирилди.