Эрон ҳужумидан кейин нефт нархлари 7 фоиздан ортиқроққа пасайди

24.06.2025 09:40 | 3 дақиқада ўқилади.

Эрон томонидан Қатар ва Кувайтдаги АҚШ ҳарбий базаларига ракеталар йўлланганидан кейин, дунё бозорларида нефт нархлари кескин пасайди. Бир кечада Brent ва WTI фючерслари нархи 7 фоиздан ортиққа арзонлади.

Neft narxi

23 июн куни кечки савдолар пайтида Brent нефти бўйича август фючерслари 7,3 фоизга арзонлаб, бир баррели учун 71,36 долларгача тушди. Бу 2025 йил бошидан бери энг паст даражалардан бири ҳисобланади. Америкада ишлаб чиқариладиган WTI нефти эса 7,4 фоизга арзонлаб, 68,42 долларгача пасайди ва 70 доллар чегарасидан пастга тушди.

Бу қулаш Эроннинг Америка базаларига йўллаган ракетали ҳужуми ортидан юз берди. Ҳужум Ғарбий давлатлар томонидан Эрон ядровий объектларига берилган зарбаларига жавоб сифатида баҳоланмоқда. Шунга қарамай, ҳужум ортидан Эрон томонидан нафақат Ҳўрмуз бўғозини ёпиш, балки энергетика инфратузилмасини ҳам нишонга олиш мумкинлиги ҳақидаги хавотирлар ўзини оқламади.

CIBC Private Wealth Group компаниясининг катта трейдери Ребекка Бабиннинг таъкидлашича, Эроннинг ҳужуми нефт инфратузилмасига таъсир этмади ва эҳтимол, бу кўпроқ ички аудитория учун мўлжалланган сиёсий ҳаракат бўлган. «Эҳтимол, АҚШ олдиндан огоҳлантирилган. Шу боис бу ҳаракат дипломатик даражада юзни сақлаб қолиш уриниши бўлиши мумкин», — деди Бабин.

Шу билан бирга, бозорларда эҳтиёж пасайиши ва геосиёсий хавотирларга қарамай, ишлаб чиқаришда узилишлар кузатилмаётгани ҳам нархларни тушираётган асосий омиллардан бири сифатида тилга олинмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Ҳўрмуз бўғози орқали дунёдаги умумий нефт оқимларининг тўртдан бири ва суюлтирилган табиий газ (СТГ) савдосининг бешдан бири амалга оширилади. Ушбу йўналишдаги ҳар қандай узилиш глобал энергия бозорларига жиддий таъсир кўрсатиши мумкин.