Трамп ўзининг Truth Social саҳифасида маълум қилишича, келишувга кўра, биринчи бўлиб Эрон жанговар ҳаракатларни тўхтатади, 12 соатдан сўнг эса Исроил ҳам ўт очишни бас қилади.
«24 соат ичида жаҳон жамоатчилиги расман 12 кунлик урушнинг якунланганини қарши олади», — деб ёзди у. Трамп, шунингдек, тарафларни «ақл ва жасорат билан» урушни тугатишга қарор қилгани учун миннатдорлик билдирди.
«Худо Исроилни асрасин, Худо Эронни асрасин, Худо Яқин Шарқни асрасин ва бутун инсониятга тинчлик насиб этсин», — дея ўз баёнотини якунлаган Трамп.
Унга кўра, ҳар икки давлат бир вақтнинг ўзида АҚШга мурожаат қилиб, тинчлик ҳақида сўров билдирган. Кейинги изоҳларида Трамп бу келишувни «абадий оташкесим» деб атади.
NBC News хабарига кўра, бу қарорга келишдан аввал Трамп Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу билан, вице-президент Жей Ди Вэнс, давлат котиби Марко Рубио ва махсус вакил Стив Уиткофф эса Эрон томони билан алоҳида музокаралар ўтказган. Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳунинг девонхонаси ҳам Исроил Трампнинг Эронда ўт очишни тўхтатиш тўғрисидаги таклифига рози бўлганини билдирди.
Бироқ, Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчий ҳозирча Исроил билан ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш борасида келишув йўқлигини айтиб ўтган. Ароқчийнинг сўзларига кўра, «Агар исроил «ноқонуний тажовуз»ини Теҳрон вақти билан соат 4:00 гача тўхтатмаса, Эрон жавоб ҳаракатларинини давом эттираверади. Оташкесим режими ишга тушгунга қадар Эрон Исроил томон 5 та ракета учиришга ҳам улгурган.
Эслатиб ўтамиз, 13 июн куни Исроил Эронга қарши кенг кўламли ҳарбий операция бошлаб, ядровий олимлар ва юқори даражали ҳарбийларни нишонга олганди. 22 июнга келиб, АҚШ ҳам урушга қўшилиб, Эрон ядровий объектларига ҳужум қилган.
Жавоб зарбаси сифатида Эрон Қатардаги АҚШ базаси ва Исроил ҳудудини ракеталар билан нишонга олди.